Ўзбекистон ёшлари учун жаҳон университетлари эшиклари очилмоқда
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда "Silk Road University Fair" халқаро таълим форуми ва кўргазмаси бошланди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад халқаро олий таълим ташкилотлари ва Ўзбекистон мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ёшларнинг хорижда таълим олиш имкониятлари ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда мактаб маслаҳатчиларининг касбий салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Бугун ёшлар учун хорижнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имконияти нафақат шахсий келажакни белгилайдиган муҳим қадам, балки мамлакатнинг илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш омили ҳамдир, – дейди Гулноза Исмоилова. – Бироқ, бу жараёнда хорижда ўқиш имкониятини яратишнинг ўзи кифоя эмас — ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларни замонавий билим ва илғор тажриба билан қуроллантириш, энг муҳими, эгалланган билимларни юрт тараққиётига йўналтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда халқаро ҳамкорларимиз Ўзбекистондаги ёшлар мамлакатимизда юз бераётган жадал ўзгаришлар ва бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш ва ҳавас билан қарашмоқда. Президентимиз раҳбарлигида айниқса, таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар, таълимни тизимли равишда такомиллаштиришга қаратилган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун ана шу ислоҳотлар натижаларини кўриш ва уларнинг самарасини намоён этиш босқичига етиб келдик.
Таълим тизимининг муҳим бўғинларидан бири — “Эл-юрт умиди” жамғармаси. Жамғарма орқали ёшларимизга жаҳоннинг энг нуфузли университетлари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларида бакалавриат, магистратура ҳамда докторантура босқичларида таҳсил олиш имкониятлари яратилган. Бу имкониятлар бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Ҳатто кўплаб мамлакатларда ҳам бундай имкониятлар мавжуд эмаслиги ҳақида хорижий ҳамкорларимиз ўз фикрларини билдирмоқда. Ёшларимизнинг ўқиш, яшаш ва бошқа тегишли харажатлари белгиланган дастурлар доирасида қопланиши уларга ортиқча қийинчиликларга дуч келмасдан, асосий эътиборини таълим олиш ва билимларини оширишга қаратиш имконини беради. Бу эса уларнинг энг илғор ғоялари билан давлатимиз ривожи, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши учун замин яратади. Муҳими, кучли салоҳиятли Ўзбекистон ёшлари учун дунё эшиклари очилмоқда.

Бугунги кунда бундай кўргазмаларнинг ташкил этилиши ёшларимизга турли таълим йўналишлари, нуфузли университетлар ва уларнинг имкониятлари ҳақида зарур маълумотларни олишга ёрдам беради. Шунингдек, улар нафақат бугунги кун, балки келгуси 5-10 йилда меҳнат бозорида қандай ўзгаришлар юз бериши, қайси соҳаларга талаб ортиши ва ўз кўникмаларини келажакда Ўзбекистонда қўллаш учун қандай имкониятлар мавжудлиги ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлади.

ЎзА мухбири
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.