Ўзбекистон ядро инфратузилмасини ривожлантиришда яна бир муҳим босқичдан ўтди
Жорий йилнинг 22-26 июнь кунлари “Ўзатом” агентлигида Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА)нинг миллий ядро инфратузилмасини комплекс баҳолаш (INIR) бўйича иккинчи босқич кузатув миссияси фаолият олиб борди.
Миссия доирасида мамлакатимизда ядро энергетикаси дастурини амалга ошириш йўлида эришилган натижалар ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари ҳар томонлама ўрганилди. Бу эса Ўзбекистоннинг ядро энергетикасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларида яна бир муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда “Ўзатом” агентлиги директори ўринбосари Шаҳзод Алиризаев, ХАЭА халқаро экспертлар гуруҳи раҳбари Жон Ҳаддад ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди. Тадбирда атом энергетикасини изчил ривожлантириш мамлакат иқтисодиёти барқарорлиги, энергетика хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, ушбу жараёнда халқаро ҳамкорлик ҳал қилувчи ўрин тутаётгани таъкидланди.
Миссия давомида халқаро экспертлар беш кун мобайнида Ўзбекистон Республикасида ядро инфратузилмасининг ривожланиш даражасини атрофлича таҳлил қилди. Хусусан, ядровий ва радиациявий хавфсизлик, электр тармоқларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш, манфаатдор томонларни жалб этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ядровий жисмоний хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда сўзга чиққан “Ўзатом” агентлиги директори ўринбосари Шаҳзод Алиризаев ХАЭА экспертларининг миссия давомидаги самарали фаолиятини юксак баҳолаб, уларга миннатдорлик билдирди.
– ХАЭА экспертларига бутун миссия давомидаги профессионал, конструктив ва ғоят самарали меҳнати учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Шу кунлар ичида биз сермазмун муҳокамалар ўтказиб, қимматли тавсиялар олдик. Миссия жамоасининг профессионаллиги, холислиги ва кўмагини алоҳида эътироф этмоқчимиз. Бундай ҳамкорликдаги иш Ўзбекистоннинг ядро энергетикаси дастурини муваффақиятли амалга оширишида жуда муҳим аҳамиятга эга, – деди Ш.Алиризаев.
Миссия якунлари юзасидан ХАЭА экспертлари Ўзбекистонда давлат томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар, техник тадқиқотлар, энергетика тизимига жалб қилинган инвестициялар, мутахассислар тайёрлаш дастурлари ҳамда жамоатчилик билан самарали ҳамкорликни юқори баҳолади.
ХАЭА халқаро экспертлар гуруҳи раҳбари Жон Ҳаддад ҳам Ўзбекистоннинг ядро энергетикасини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.

Миссия якунлари бўйича халқаро экспертлар дастлабки ҳисоботни тайёрлаб, “Ўзатом” агентлигига топширди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон томони ва ХАЭА раҳбарияти билан келишиш тартибидан ўтгач, ҳисоботнинг якуний нусхаси Халқаро атом энергияси агентлиги платформасида расман эълон қилиниб, жаҳон ҳамжамиятига тақдим этилади.
INIR иккинчи босқич кузатув миссиясининг муваффақиятли якунланиши Ўзбекистоннинг ядро энергетикаси соҳасида халқаро талаб ва стандартларга қатъий амал қилаётганини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга, мамлакатнинг тинч атомдан фойдаланиш, замонавий ядро инфратузилмасини шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари халқаро экспертлар томонидан юксак эътироф этилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА