Ўзбекистон ветеринария таълими тизими халқаро миқёсда эътироф этилди
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети European Association of Establishments for Veterinary Education (EAEVE) ташкилотининг “Associate Member” (Ассоциация аъзоси) мақомига эга бўлди.
Тарихга назар ташласак, 1929 йилда ташкил этилган Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги қарорига мувофиқ Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилди. Мазкур қарор мамлакатимизда ветеринария соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва соҳанинг замонавий талабларга мос инфратузилмасини шакллантиришда муҳим босқич бўлди.

Кейинги йилларда институт томонидан ветеринария, чорвачилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнология соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, таълим жараёни халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилди, хорижий олий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кенгайтирилди, қўшма таълим дастурлари ва халқаро илмий лойиҳалар йўлга қўйилди.
Ушбу ютуқлар ва соҳанинг стратегик аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартдаги қарори билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ташкил этилди. Университет мақомининг берилиши нафақат таълим йўналишлари ва илмий салоҳиятнинг кенгайгани, балки муассасанинг миллий ва халқаро миқёсдаги нуфузи изчил ортиб бораётганини ҳам англатади.

Хусусан, 2024 йилда Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (ЖҲСТ, WOAH)нинг 100 йиллиги доирасида ўтказилган халқаро форумлар, академиклар форуми, халқаро ёзги мактаблар ҳамда турли илмий-амалий тадбирларда университет фаол иштироки билан қатнашиб, ўзининг халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлади.
Бугунги кунда университет ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология соҳаларида Марказий Осиёдаги етакчи таълим ва илмий марказлардан бири сифатида эътироф этилмоқда
Албатта, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Президентимиз томонидан сўнгги 8 йил ичида ветеринария хизматининг долзарб масалалари, жумладан, соҳа учун кадрлар тайёрлашга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги ҳамда ушбу меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифалар амалиётда ўз ижросини топаётганлиги самараси бу.

Университетда ветеринария, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида етук, малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, ветеринария таълимини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этиш бўйича чора-табдирлар режаси ишлаб чиқилган. Ушбу режага асосан университет бир қатор хорижий нуфузли университетлар, компания ва ташкилотлар билан таълим, илм-фан ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири Америка Қўшма Штатларининг Миннесота университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Твиннинг дастури” ҳисобланади. Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда ветеринария таълимини Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (WOAH) талаблари асосида такомиллаштириш, “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши бўйича ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишдан иборат.

Лойиҳадаги хорижий ҳамкоримиз Миннесота университети қошида фаолият юритувчи Ҳайвонлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги маркази ҳисобланади. Ушбу марказ WOAH буюртмаси асосида ривожланаётган давлатларда ветеринария таълимини халқаро талаблар даражасида ташкил этиш, таълим сифатини ошириш ва профессор-ўқитувчилар малакасини юксалтириш бўйича кўмак бериб келмоқда.
Лойиҳа 2021 йилда бошланган бўлиб, дастлаб Миннесота университети делегацияси вакиллари – марказ директорининг ўринбосари Мария Сол Перез ҳамда таълим бўйича мутахассис Кетрин Обрайн университетга ташриф буюрди. Ташриф давомида улар “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши бўйича ўқув жараёни, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, таълим сифати ва талабалар билимини баҳолаш тизими билан атрофлича танишди.
Шундан сўнг университет профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, хорижий мутахассисларнинг тавсиялари асосида ветеринария таълими тизимини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, ветеринария таълими бўйича амалдаги 4 йиллик таълим муддати жаҳон ветеринария таълими талабларига мувофиқ 5 йиллик тизимга ўтказилди.
Шунингдек, АҚШ Ветеринария тиббиёти ассоциацияси (AVMA), Европа ветеринария таълими муассасалари ассоциацияси (EAEVE) талаблари ҳамда дунёнинг етакчи ветеринария университетлари тажрибалари асосида “Ветеринария медицинаси” таълим йўналишининг такомиллаштирилган 5 йиллик ўқув режаси ишлаб чиқилди ва 2022 йилдан бошлаб таълим жараёнига жорий этилди.
Бугунги кунда университетда ветеринария соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида 5 йиллик бакалавриат ва 2 йиллик магистратурадан иборат узлуксиз таълим тизимига амал қилмоқда. Натижада талабалар 7 йил давомида чуқур назарий билимлар, мустаҳкам амалий кўникма ва клиник тажрибага эга бўлиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган рақобатбардош ветеринария врачлари сифатида шаклланмоқда.
Европа ветеринария таълими муассасалари ассоциацияси (EAEVE) ветеринария таълими сифатини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва баҳолаш билан шуғулланувчи энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ассоциациянинг асосий вазифаси ветеринария олий таълим муассасаларида таълим сифати, илмий фаолият, клиник тайёргарлик, лаборатория базаси, моддий-техник таъминот ва бошқарув тизимларини Европа стандартлари асосида баҳолашдан иборат.
EAEVEга Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги кўплаб ветеринария университетлари аъзо бўлиб, ташкилот ветеринария таълимининг халқаро миқёсдаги сифат кафолати тизими сифатида тан олинади.
Хўш, Ассоциацияга аъзолик университетга нима беради?
EAEVE га аъзо бўлиш университет учун қатор муҳим стратегик имкониятларни яратди. Жумладан, университетда ветеринария таълимининг сифати халқаро экспертлар томонидан эътироф этилди ва таълим жараёнининг Европа стандартларига мослиги тасдиқланди. Университетнинг халқаро нуфузи ва рақобатбардошлиги сезиларли даражада ортди. Бу эса хорижий ҳамкорлар, талабалар ва инвесторларнинг қизиқишини кучайтиради. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун академик алмашинув дастурларида иштирок этиш имкониятлари кенгаяди. Erasmus+, Horizon Europe ва бошқа халқаро таълим ҳамда илмий дастурлар доирасидаги ҳамкорлик учун янги истиқболлар очилади.
Қолаверса, битирувчиларнинг халқаро меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ошади, уларнинг хорижий магистратура ва докторантура дастурларида таҳсил олиши учун қўшимча имкониятлар яратилди. Университет ветеринария таълими ва илм-фани бўйича халқаро ҳамкорлик тармоғини кенгайтириш имкониятига эга бўлади.
Мазкур ютуқ нафақат университет, балки Ўзбекистон ветеринария таълим тизимининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Албатта, Ассоциацияга аъзо бўлиш учун университет томонидан кенг кўламли ва тизимли ишлар амалга оширилди. Аввало, EAEVE экспертлари томонидан ўтказиладиган баҳолаш жараёнига тайёргарлик 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич йўлга қўйилди. Бу жараёнда таълим дастурлари ва ўқув режалари халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди, амалий ва клиник тайёргарлик кучайтирилди, замонавий лабораториялар ҳамда илмий марказлар ташкил этилди, ветеринария клиникалари фаолияти кенгайтирилди.
Университетнинг EAEVE (European Association of Establishments for Veterinary Education) тизимига интеграциялашув жараёнининг муҳим босқичи сифатида 2025 йилда Ассоциацияга аъзолик учун расмий ариза топширилди. Шундан сўнг университетда EAEVE ва ESEVT (European System of Evaluation of Veterinary Training) талабларига мувофиқ кенг қамровли тайёргарлик ишлари изчил давом эттирилди.
2026 йилнинг 14-15 январь кунлари ESEVT/EAEVE директори профессор Пьер Лекё университетга ташриф буюриб, таълим жараёни, илмий-тадқиқот фаолияти, клиник база, моддий-техник таъминот ва бошқарув тизимини атрофлича ўрганди ҳамда тегишли тавсиялар берди. Ушбу ташриф натижалари асосида университетда халқаро стандартларга мувофиқ қатор қўшимча такомиллаштириш ишлари амалга оширилди.
2026 йилнинг 27-30 апрель кунлари EAEVE томонидан тайинланган икки нафар халқаро эксперт университетга келиб, таълим сифати, ўқув дастурлари, талабалар тайёргарлиги, клиник фаолият, илмий ишлар, инфратузилма ҳамда сифат менежменти тизимини EAEVE ва ESEVT мезонлари асосида ҳар томонлама баҳолади. Шунингдек, Day One Competences ва One Health тамойиллари таълим жараёнига босқичма-босқич жорий қилиниб, сифат менежменти тизими такомиллаштирилди ҳамда ESEVT талаблари асосида кенг қамровли Self Evaluation Report (SER) тайёрланди. Баҳолаш якунлари бўйича экспертлар томонидан тайёрланган расмий хулосалар EAEVE офисига тақдим этилди.
Олиб борилган тизимли ишлар ва халқаро экспертларнинг ижобий хулосалари натижасида университет EAEVE томонидан муваффақиятли баҳоланди. Жорий йилнинг 28 май куни Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган EAEVEнинг 39-Бош Ассамблеяси доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига “Associate Member” (Ассоциация аъзоси) мақоми берилди ҳамда тегишли сертификат тантанали равишда топширилди.
Мазкур ютуқ университетда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим сифатини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, замонавий илмий ва клиник инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ветеринария таълимини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси бўлди.
Айни пайтда университет олдида EAEVE экспертлари томонидан берилган тавсияларни босқичма-босқич амалга ошириш ва ветеринария таълими сифатини янада юқори босқичга кўтариш вазифаси турибди. Келгусида ветеринария клиникаларини янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот инфратузилмасини такомиллаштириш, халқаро илмий лойиҳалар сонини кўпайтириш, хорижий профессор ва мутахассисларни кенг жалб этиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш, рақамли таълим технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ветеринария таълимининг халқаро стандартларга тўлиқ мослигини таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
Умуман олганда, университет жамоасининг стратегик мақсади ветеринария таълими ва илм-фани соҳасида халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, замонавий, инновацион ва рақобатбардош таълим муассасасини шакллантириш ҳамда Самарқандни Марказий Осиёнинг ветеринария таълими ва илмий тадқиқотлар марказларидан бири сифатида ривожлантиришдан иборатдир.
Худайназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор.
ЎзА