Ўзбекистон ва Туркия: парламентлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланди
Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш билан учрашди.
Икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлари натижасида Ўзбекистон - Туркия алоқалари кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди. Кейинги йилларда парламентлараро мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар фаоллашиб, ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва қўмиталар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, мунтазам мулоқот механизмларини йўлга қўйиш ҳамда қўшма ташаббусларни илгари суриш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Савдо ва инвестициялар, саноат, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш, қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга урғу берилди.
Томонлар парламентларнинг тегишли қўмиталари ўртасида иқтисодиёт, инвестициялар, инновация, банк-молия, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда мулоқотларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, томонлар халқаро рейтинглар, Барқарор ривожланиш мақсадлари, гендер тенглик, коррупция ва одам савдосига қарши курашиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 2026 - 2027 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди.
Н.Абдураимова, ЎзА