Ўзбекистон ва Сербия: тоғ-кон соҳасида саноат кооперацияси ривожлантирилади
Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Қайд этилганидек, Сербиянинг Белград шаҳрида Ўзбекистон-Сербия Ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова иштирок этди.
Йиғилиш доирасида вазирлик вакиллари Сербия Тоғ-кон саноати ва энергетика вазирлиги давлат котиби, шунингдек, тоғ-кон, металлургия ва энергетика тармоқлари учун ускуналар ҳамда машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган GOSA FOM компанияси вакиллари билан учрашди.

Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида тоғ-кон соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, махсус техникалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш ва саноат кооперациясини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, замонавий технологияларни жорий этиш ва ўзаро саноат кооперациясини ривожлантириш кончилик тармоғининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада янги имкониятларни яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, тоғ-кон, металлургия ва энергетика тармоқлари учун ускуналар ҳамда махсус машиналар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА