Ўзбекистон ва Саудия наркожиноятларга қарши курашишда ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги раҳбари Фарҳод Ҳасанов бошчилигидаги делегация БМТнинг Уюшган жиноятчилик ва одил судлов бўйича комиссияси 35-сессиясида иштирок этди.
Тадбир доирасида халқаро ташкилотлар, хорижий ҳамкор давлатлар билан трансмиллий наркожиноятларга ва ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштиришга қаратилган қатор музокаралар олиб борилди.

Хусусан, Саудия Арабистони Қироллиги делегацияси билан илк маротаба гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш масалаларига бағишланган икки томонлама учрашув ташкил этилди.
Унда наркожиноятларга қарши курашиш йўналишида икки томонлама ҳукуматлараро битим тузиш, маълумот ва тажриба алмашиш, янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, шунингдек, соҳа ходимларининг малакасини оширишга қаратилган ўқув курслари, тренинглар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА