Ўзбекистон ва Қирғизистон: Ёшлар парламентлари ҳамкорлиги янги босқичда
Марказий Осиё харитасида ёнма-ён жойлашган Ўзбекистон ва Қирғизистонни нафақат чегара, балки асрлар синовидан ўтган тарихий ва маданий муштараклик, ягона тил, урф-одат ҳамда самимий дўстлик риштаси боғлаб туради. Фарғона водийси, Андижон, Ўш, Жалолобод каби чегара ҳудудларда шаклланган азалий қўшничилик анъанаси бугунги замонавий давлатлар аро алоқа учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

1993 йил ўрнатилган дипломатик муносабат вақт ўтиши билан янги мазмун билан бойиди. Алоқаларнинг мантиқий давоми сифатида 2023 йил бошида икки мамлакат раҳбарлари томонидан имзоланган Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги ҳамкорликка кенг йўл очди. 2025 йил мартида Хўжандда уч мамлакат раҳбарлари томонидан чегаралар туташ нуқтаси бўйича тарихий битим тасдиқланиши давлатлар аро ишончнинг яна бир ёрқин исботидир. Мазкур келишув минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Олий даражали мулоқот изчиллик билан давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил июль-август ойларида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Чўлпонотадаги музокара савдо, саноат кооперацияси ҳамда транспорт-логистика лойиҳаларини янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунгача шаклланган 260 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжат ҳар томонлама тараққиётга хизмат қилмоқда.
2025 йил товар айирбошлаш 37 фоиз ўсиб, 1,2 миллиард долларга яқинлашди. Жорий йил биринчи чоракда ҳам ижобий суръат сақланиб, ўзаро савдо 221,6 миллион долларни ташкил этди. Шунингдек, икки мамлакатда юзлаб қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам икки халқ тобора жипслашмоқда. Ўзбекистонда 300 000 дан кўп қирғиз миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилади. Улар учун маданий марказлар, қирғиз тилидаги мактаблар очилган. Қирғизистон олий ўқув юртларида минглаб ўзбекистонлик ёш таълим олмоқда. Бундай серқирра ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда парламент дипломатияси ва ёшларнинг ўрни беқиёс. Айни йўналишдаги тизимли ишлар дебочаси сифатида 2026 йил май ойида Тошкентда ўтказилган биринчи форумда икки мамлакат ёшлар парламентлари ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.

Ушбу ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида 2026 йил 10-12 август кунлари гўзал Иссиқкўл бағрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ёш парламентарийлари иккинчи форуми бўлиб ўтди. Анжуманнинг асосий мақсади парламент дипломатиясида ёшлар йўналишини ривожлантириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ва узоқ муддатли шериклик платформасини шакллантиришдан иборат.
Муҳим мулоқот майдонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ва Ёшлар парламенти аъзолари, Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши депутатлари, Ёшлар Кенгаши вакиллари, экспертлар ҳамда халқаро ҳамкорлар жам бўлди. Жогорку Кенеш Торағаси Марлен Маматалиев табрик сўзи билан иштирок этди.

Бугунги глобал ўзгаришлар, рақамли трансформация, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши ва меҳнат бозоридаги янги тенденциялар шароитида ёшларни давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлигига жалб этиш келажак учун энг муҳим сармоядир. Иссиқкўлдаги анжуманда ёш парламентарийлар қонун ижодкорлиги, парламент назорати, рақамли трансформация ва замонавий чақириқлар бўйича атрофлича фикр алмашди. Мулоқотлар долзарб масалаларни муҳокама қилиш баробарида эртанги кун тартибини белгилаб олишга ҳам хизмат қилади.
Мазкур форум икки халқ дўстлиги янги авлод вакиллари томонидан муносиб давом эттирилаётганига ёрқин мисолдир. Иссиқкўлда йўлга қўйилган мулоқот майдони оддий халқаро тадбир эмас, балки тинч, барқарор ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишга ҳисса қўшадиган муҳим сиёсий-дипломатик ташаббусдир.
Фардона Яхшибоева, ЎзА