Ўзбекистон ва Қирғиз омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайтирилади
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ШҲТга аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий органлари консультатив учрашувида иштирок этиш мақсадида хизмат сафари билан Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Феруза Эшматова Қирғиз Республикаси Акыйкатчыси (Омбудсмани) Жамила Жаманбаева билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётган даврда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳам янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, ахборот алмашинуви ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларида тезкор ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида икки мамлакат Омбудсманлари ўртасида 2022 йилда имзоланган ҳамкорлик меморандумига қўшимча киритиш бўйича протокол имзоланди.

Ушбу протокол икки мамлакат худудларида бўлиб турган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишида ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган.
Мазкур ҳужжат икки давлат омбудсманлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА