Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигининг янги йўли
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди.
Исломободда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар самарали, очиқ ва натижаларга йўналтирилган руҳда кечди. Бу эса минтақавий барқарорлик, иқтисодий интеграция ва узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам асос яратади.
Учрашувлар чоғида томонлар жами 28 та икки томонлама келишув ва меморандумларни имзолади, улар турли соҳаларни – савдо ва инвестиция, мудофаа ва хавфсизлик, таълим ва илм-фан, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, маданият ва спорт ҳамда экология ва фалокатларни бошқаришни қамраб олди. Бу келишувлар икки мамлакат муносабатларининг кенг кўламли эканлигини тасдиқлайди.

Иқтисодий ҳамкорлик борасида икки давлат томонлари савдо айирбошлаш ҳажмини келаси беш йил ичида 2 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсадини белгилади. Бу бугунги кун муносабатларидаги энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Икки томон шу муносабат билан махсус протокол имзолади ва биргаликда ишчи гуруҳ тузиш орқали беш йиллик ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Музокаралар давомида сиёсий-дипломатик мулоқот билан бирга, минтақавий ва глобал хавфсизлик, экстремизм ва терроризмга қарши кураш, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш каби устувор масалалар муҳокама қилинди, жаҳон ҳамжамиятидаги ички ва ташқи сиёсий ҳолатлар юзасидан фикрлар алмашилди. Бу Президентлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириб, минтақавий ҳамжамиятнинг муҳим омилларига айланади.
Транспорт-коммуникация ва логистика соҳасида ҳам режали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон темир йўли лойиҳаси икки мамлакатни Марказий Осиё билан Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим савдо ва транзит артерияси сифатида боғлашда стратегик аҳамият касб этади. Бу эса минтақавий савдо ҳажмини ошириш ва умуман иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, маданий ва гуманитар йўналишлар бўйича ҳам алоқалар кенгайтирилиши белгиланди. Ёшлар алмашинуви, таълим дастурлари, спорт ва маданият лойиҳалари икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликни янада мустаҳкамлайди ва икки мамлакатнинг фақат иқтисодий эмас, балки ижтимоий-маданий шериклиги ҳам кучаяётганидан далолат беради.
Исломободдаги олий даражадаги учрашувлар икки мамлакат ҳамкорлигининг стратегик йўналишларини амалий қадамлар билан таъминлади. Эришилган келишувлар ва белгиланган рақамлар Ўзбекистон ва Покистон муносабатларини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Бу натижалар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ишончни мустаҳкамлайди ҳамда минтақавий тараққиётни рағбатлантирувчи тарихий саъй-ҳаракат сифатида эътироф этилади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА