Ўзбекистон ва “Oracle” сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон шаҳридаги Бош консули Аҳрор Бурҳонов “Oracle Corporation” компаниясининг Генератив сунъий интеллект хизматлари бўйича вице-президенти Жун Чиан (Jun Qian) билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда генератив сунъий интеллект, булутли технологиялар, инсон капитали ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар “Oracle” ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор технологияларни иқтисодиёт, таълим ва давлат бошқарувига кенг жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашувда Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда IT соҳаси ва технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этиши, уларнинг замонавий касбларни эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” ташаббуси, IT мутахассислар тайёрлаш ва стартап экотизимини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди.
Жун Чиан Ўзбекистонда қисқа вақт ичида амалга оширилган ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатнинг ёш ва билимли кадрлар салоҳияти, изчил ўзгаришлар, давлат раҳбариятининг сиёсий иродаси ҳамда стратегик географик жойлашуви халқаро технологик компаниялар учун катта имкониятлар яратаётганини таъкидлади.
Музокараларда генератив сунъий интеллектдан амалий фойдаланиш, маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, замонавий булутли ва ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, робототехника соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва “Oracle” ўртасида аввал эришилган келишувларни янги мазмун билан бойитиш ҳамда манфаатдор ташкилотлар ўртасидаги мулоқотни давом эттиришга келишиб олди. Жун Чиан Ўзбекистонда амалга оширилаётган технологик ўзгаришларни жойида ўрганишга қизиқиш билдириб, мамлакатга ташриф буюриш таклифини қабул қилди.
Маълумот учун, 1977 йилда АҚШда ташкил этилган “Oracle Corporation” маълумотлар базалари, булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект ва корпоратив дастурий ечимлар соҳасидаги дунёнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг “Oracle Cloud Infrastructure” платформаси 200 дан ортиқ булутли хизматларни таклиф этади. “Oracle” маълумотларига кўра, “Fortune 100” рўйхатига кирувчи компанияларнинг 97 фоизи унинг маълумотлар базаси ечимларидан фойдаланади. 2026 молия йили якунларига кўра, компания даромади 17 фоизга ўсиб, 67,4 миллиард долларни, булутли хизматлардан тушган даромад эса 34 миллиард долларни ташкил этган.
Нозимбек Мардонов, ЎзА