Ўзбекистон ва Малайзияни яқинлаштираётган туризм
Туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз ва Малайзия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, ўзаро манфаатли лойиҳалар ва ташаббуслар билан бойиб бормоқда.
Туризм қўмитасида Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятини якунлаётган Малайзия элчиси Илҳам Туа бин Иллиас билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида икки давлат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилиниб, келгусидаги истиқболли йўналишлар муҳокама этилди.

Томонлар сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш, Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросини Малайзияда кенг тарғиб қилиш, шунингдек зиёрат ва маданий туризм йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувда элчининг икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва туризм алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари юксак баҳоланди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро сайёҳлик бозоридаги нуфузи ортиб бораётгани қайд этилди.


Мулоқот якунида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда туризм соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрлик билдирилди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА