Ўзбекистон ва Кувайт: ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон янгиланган ташқи сиёсий концепцияси доирасида мамлакат анъанавий шериклари билан ташқи алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш билан бир қаторда ўз ҳамкорлари жўғрофиясини кенгайтириш йўлидан бормоқда.
Мазкур тенденция айниқса Ўзбекистоннинг Кўрфаз араб давлатлари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиққанида яққол акс этади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу минтақа давлатлари билан муносабатлар ҳам кўп томонлама, ҳам иккитомонлама форматларда ривожланмоқда.
"Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари кенгаши" Стратегик мулоқотининг ташкил этилиши ва ушбу форматдаги ҳамкорлик доирасида 2023 йилда биринчи олий даражадаги саммитнинг муваффақиятли ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақавий алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг ёрқин намунасидир. Расмий Тошкент Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда Кувайт давлати билан ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Жумладан, сўнгги пайтларда Ўзбекистон Кувайт билан сиёсий мулоқотни кучайтирди. 2024 йилнинг апрель ойида Кувайт Ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Биргина 2024 йилнинг ўзидаёқ икки давлат Ташқи ишлар вазирлари ўртасида 5 марта музокаралар ташкил этилди.
Мулоқот иқтисодий идоралар ва ишбилармон доиралари ўртасида ҳам кучайтирилди. Ўтган йилда 100 дан ортиқ Ўзбекистон тадбиркорларининг Ал-Кувайт шаҳрига ташрифи амалга оширилди. 2024 йил май ва август ойларида Кувайтда 2 марта бизнес форум ва “Made In Uzbekistan” кўргазмалари ташкил этилди. Ўз навбатида Ўзбекистонда ҳам 31 кишилик кувайтлик ишбилармонлар делегацияси иштирокида бизнес форумлари ўтказилди.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, муносабатлар динамикасининг бундай тарзда фаоллашуви бежизга эмас. Кувайт Ўзбекистон учун ҳар томонлама манфаатли шерик ҳисобланади. Бу бир қанча омиллар билан боғлиқ.
Биринчидан, икки мамлакатнинг ташқи сиёсий концепциялари бир-бирига жуда ўхшаш. Ўзбекистон ҳам, Кувайт ҳам ўз тараққиёт истиқболларини ўзлари жойлашган минтақа давлатлари билан узвий боғлиқликда кўришади. Ўзбекистон бугунги Марказий Осиёнинг яхлитлигида ва барқарорлигида қандай муҳим рол ўйнаса, Кўрфаз давлатлари минтақавий ҳамкорлик форматининг ривожида шундай муҳим ўрин Кувайт давлатига тегишлидир.
Шу ўринда, Кувайтнинг марҳум амири Шайх Жабар ал-Аҳмад ал-Сабаҳ Араб кўрфаз давлатлари кенгашининг тузилишидаги асосчилардан бири бўлганлигини эслаш кифоя. Мана шундай тарихий вазифани замонавий босқичда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳам амалга оширди. Унинг Ўзбекистон президенти этиб сайланиши Марказий Осиёдаги сиёсий вазиятга ижобий таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон ўз қўшнилари билан яқинлашиш ва минтақанинг келажагини биргаликда қуриш йўлини танлади. Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ташкил этилган минтақа раҳбарлари Маслаҳатлашув учрашувлари ҳозирги кунда жадал ҳамкорликни таъминлаш учун энг асосий механизм бўлиб хизмат қилмоқда.
Иккинчидан, мамлакатлар халқаро ташкилотлардаги иштироклари доирасида умумий ёндашувларга эга. Жумладан, Кувайт ва Ўзбекистон Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар платформаларида бир-бирига яқин қарашлар ва таклифлар билан чиқишади. Икки давлат ҳам халқаро хавфсизлик масалаларини биргаликда ҳал қилишга ва барқарор инклюзив тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларни илгари суришади. Расмий Тошкент ва Ал-Кувайт ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали юқоридаги ташкилотларда бир-бирлари учун сиёсий таянч бўлиб келишмоқда.
Учинчидан, икки давлат иқтисодий тараққиёт стратегияларида уйғунлик мавжуд. Ўзбекистон ҳам, Кувайт ҳам ички кун тартиби марказига иқтисодиётни модернизация қилиш ва унинг тармоқларини диверсификация қилиш каби вазифаларни қўйишган. Мазкур мақсадлар айнан “Янги Ўзбекистон-2030” ва “Янги Кувайт-2035” стратегияларида ўз аксини топган. Бундан кўриниб турибдики, икки мамлакат ҳам деярли бир хил тарихий ривожланиш босқичини, яъни чуқур трансформация даврини босиб ўтмоқда.
Ушбу жараённинг муваффақияти нафақат ички омиллар, балки ташқи қулай муҳит яратиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли, икки давлат иқтисодиётга сармоялар жалб этиш ва янги бозорларга чиқишдан манфаатдор. Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида мазкур йўналишлар бўйича доимий мувофиқлаштиришнинг йўлга қўйилиши томонлар учун ўзаро манфаатли бўлади.
Тўртинчидан, Ўзбекистон ва Кувайт учун иккитомонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бирдек фойдали. Бу икки давлатнинг халқаро ва минтақавий иқтисодий ва жўғрофий аҳамияти ҳамда стратегик мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим жўғрофий аҳамиятга эга давлат бўлиб, минтақадаги барча мамлакатлар билан чегарадош ягона республикадир. У орқали Евросиё бозорларига чиқиш имконияти мавжуд. Шунингдек, мамлакат келажакдаги асосий халқаро қуруқлик йўллари кесишмасида жойлашган.
Бу Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг глобал иқтисодиётнинг янги моделида ўз мавқеини мустаҳкамлаши, Ғарб ва Шарқни боғловчи анъанавий транспорт йўлаги сифатидаги ролини қайта тиклаши мумкинлигини англатади.
Кувайтнинг жойлашуви ҳам минтақавий ва глобал жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон қуруқлик йўллари чорраҳасида бўлса, Кувайт денгиз савдо йўллари кесишган нуқтада, Яқин Шарқ минтақасининг марказида жойлашган.
Бу омиллар Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги саноат ҳамкорлиги учинчи давлат бозорларига чиқиш имкониятини яратишини кўрсатади. Шунингдек, Марказий Осиё бозорлари Кувайт иқтисодиётини диверсификация қилиш ва ёқилғи маҳсулотларига боғлиқликни камайтириш учун муҳим восита бўлиши мумкин.
Ўз навбатида Ўзбекистон Кувайт билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш орқали ўз маҳсулотларини денгиз савдо йўлларига чиқариш имкониятига эга бўлади. Икки давлат бир-бири учун логистик марказ вазифасини бажариши мумкин.
Мамлакатларнинг иқтисодий аҳамияти ҳам муҳим омил ҳисобланади. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти бўлиб, сўнгги йилларда юқори ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Сўнгги 7 йилда мамлакат ЯИМ икки баробарга ошди. 2024 йил якунида Ўзбекистон ЯИМи 6,5% ўсиб, 115 миллиард долларни ташкил этди.
Кувайт эса дунё ва Яқин Шарқ минтақаси иқтисодиёти учун салмоқли аҳамиятга эга. Айниқса Амирлик ҳозирги глобал энергетик хавфсизлик архитектурасида беқиёс ўринга эга. Кувайт дунёдаги нефт экспорт қилувчи йирик 10 та давлатдан бири ҳисобланади. Нефт заҳиралари бўйича Кўрфаз давлатлари ичида иккинчи, дунёда олтинчи ўринни эгаллайди. Ўзининг бой ресурсларга эгалиги туфайли мамлакат аҳоли жон бошига ҳисоблаганда дунёдаги энг йирик иқтисодлардан бири ҳисобланади.
Юқоридаги омилларни жамлаган ҳолда, Ўзбекистон ва Кувайт ҳамкорлиги учун манфаатли бўлган бир қанча соҳаларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Савдо. Сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажми 5 баравар ўсди. Ҳозирда Ўзбекистонда Кувайт капитали иштирокидаги 7 та корхона фаолият юритмоқда. Бироқ, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг тўлиқ иқтисодий салоҳиятини акс эттирмайди. 2023 йилда Кувайтнинг ташқи савдо айланмаси 164 миллиард долларни, Ўзбекистонники эса 63 миллиард долларни ташкил этди. 2024 йилда имзоланган савдо жараёнларини енгиллаштириш тўғрисидаги битим товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишга хизмат қилиши мумкин.
Инвестиция. Кувайт катта инвестицион потенциалга эга. “Кувайт инвестицион бошқармаси” молиявий имкониятлари бўйича Кўрфаз минтақасида иккинчи, дунёда бешинчи ўринни эгаллайди.
Унинг ҳозирги кундаги маблағлари ҳажми деярли 1 триллион долларга яқин. Амирликка тегишли бошқа бир фонд – “К№увайт араб иқтисодий тараққиёт фонди” Яқин Шарқ минтақасида биринчи бўлиб ташкил этилган – ривожланаётган давлатларга имтиёзли грант ва кредитлар берувчи нуфузли ташкилот саналади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон улкан имкониятлар жамланган йирик инвестицион майдонга айланмоқда. 2017 йилдан бери расмий Тошкент мамлакат иқтисодига қарийб 80 миллиард доллар миқдордаги хорижий маблағларни жалб қилишга муваффақ бўлди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Кувайт сармоядорлари учун янги истиқболли йўналиш бўлиши мумкин.
Туризм. 2022 йилда Кувайт хизматлар импортининг деярли ярми (47%) туризм соҳасига тўғри келган. Кувайтлик сайёҳлар чет элларда 10 миллиард доллардан ортиқ пул сарфлашган. Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, Шарқ илм-фани ва ислом маданиятининг тарихий марказларидан бири сифатидаги мақоми туфайли кувайтлик сайёҳлар учун муҳим туризм йўналишлардан бирига айланиши мумкин.
Рақамли иқтисодиёт. Ўзбекистон ва Кувайт ўз иқтисодиётларига жадаллик билан замонавий рақамли технологияларни жорий этаётган давлатлар ҳисобланишади. Бугунги кунда Қувайт информация ва коммуникацион технологиялар бозори ҳажми 22 миллиард доллардан ошган бўлса, Ўзбекистон рақамли иқтисодиёти қарийб 4,5 миллиард долларни ташкил этади. Шунинг учун ҳам Кувайт давлати Ўзбекистон билан рақамли инфраструктурани иқтисодиётга муваффақиятли интеграция қилиш бўйича ўзининг бой тажрибаси билан бўлишиши мумкин. Ҳамкорликнинг бундай тарзда ривожланиши “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор мақсадларига тўлиқ мос келади.
Қишлоқ хўжалиги. Кувайт давлатининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги имкониятлати чекланган. Хусусан, Кувайт озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжларининг 94%га яқинини импорт орқали таъминлайди. Ўзбекистон озиқ-овқат ишлаб чиқариш бўйича юқори потенциали туфайли Кувайт озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда истиқболли ҳамкор бўлиши мумкин.
Айниқса мазкур ҳамкорлик қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини яратиш орқали ривожланиши мумкин. Шу ўринда Кувайтнинг мазкур йўналишда катта тажрибага эга эканлигини эслатиб ўтиш лозим. Жумладан, сўнгги йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қувайт 21 та Африка давлатида 45 та қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини молиялаштирган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Кувайтнинг иқтисодий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорлиги икки давлатнинг кейинги изчил тараққиётини таъминлашда муҳим қадам бўлади. Икки давлат ўртасидаги иккитомонлама муносабатларнинг изчиллашуви минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш учун яна бир кучли туртки беради.
Азиз Каримов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар
институти (СМТИ) етакчи илмий ходими