Ўзбекистон ва Корея: юқори технологиялар соҳасида кадрлар салоҳияти оширилмоқда
Бугун, 14 сентябрь куни Корея Республикасидаги “Soongsil University” олийгоҳида ўзбекистонлик мутахассислар учун IC Design ва APT йўналишларида ташкил этилган қўшма интенсив малака ошириш дастурининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов, “Soongsil University” вице-президенти Мун Ён ҳамда “MetaOnTech” компанияси бош директори Де Бонг сўзга чиқиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр билдирди.
Тадбирда замонавий яримўтказгичлар саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш, Кореянинг илғор тажрибасини ўрганиш, IC Design ва APT йўналишларида миллий компетенцияларни ривожлантириш ҳамда икки давлат ўртасида технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, мазкур дастурда 20 нафар ўзбекистонлик мутахассис иштирок этмоқда. Улар 15 сентябрдан 14 ноябрга қадар яримўтказгичлар соҳасида назарий билим ва амалий кўникмаларини оширади.
Дастур Ўзбекистонда юқори технологиялар соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг замонавий компетенцияларини ривожлантириш ҳамда Корея билан технологик ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА