Ўзбекистон ва Корея сифат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ҳамда маҳсулотлар сифатини баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори биринчи ўринбосари Лазизбек Саидорипов Кореянинг KATRI Testing & Research Institute лойиҳа менежери Мин Син Ким бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Корея томонидан 2024-2026 йилларда амалга оширилаётган “Uzbekistan Textile Standard & Certification Capacity Building Program” грант дастури доирасида бажарилган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида энергия самарадорлиги, ишлаб чиқариш маҳсулдорлиги ҳамда халқаро экологик талабларга мувофиқликни таъминлаш бўйича техник қўлланмалар ишлаб чиқиш, кир ювиш машиналари ишлаб чиқарувчилари ва синов муассасалари учун замонавий синов услубларини жорий этиш, шунингдек, ўйинчоқ маҳсулотларини хавфсизлик нуқтаи назаридан синовдан ўтказиш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жанубий Кореяда муваффақиятли амалга оширилаётган “Size Korea” лойиҳасини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа аҳолининг тана ўлчамлари ва жисмоний кўрсаткичларини ўрганиш асосида миллий маълумотлар базасини шакллантиришга қаратилган бўлиб, маҳсулотларни истеъмолчилар эҳтиёжларига мослаштириш, стандартларни такомиллаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда шунингдек, тўқимачилик маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг техник регламентлар ҳамда халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш, лаборатория синовларини ривожлантириш, мавжуд синов инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва бозор назорати тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, илғор халқаро тажрибаларни Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш ҳамда миллий сифат инфратузилмасини замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА