Ўзбекистон ва KOICA ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори Улуғбек Ҳусаинов Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мёнг Соп билан учрашди.
Унда Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, натижадорликка асосланган тизимни жорий этиш ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Бу жараёнларда халқаро ҳамкорлик, хусусан, KOICAнинг институционал тажрибаси, технологиялари ва билим трансфери аҳамиятли экани қайд этилди.

Ўзаро амалий ҳамкорликнинг янги босқичга олиб чиқилиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли экани таъкидланди.
Мулоқот давомида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари кўриб чиқилди.
Хусусан, "Қишлоқ тараққиёти академияси" доирасида қишлоқ фаоллари учун, шунингдек, шаҳар инфратузилмасини бошқариш учун ҳокимлик мутасаддилари ва муҳандисларига мўлжалланган қисқа муддатли махсус ўқув курслари ва Кореяга стажировкалар ташкил этилади.
Транспорт бошқарувини “Big data” таҳлилларига асосланган ҳолда ташкил этиб, маҳаллий даражада маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш амалиётини кенг жорий этиш, тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун Сеул шаҳрининг машҳур TOPIS модели Самарқандда қўлланилади.

Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси базасида Кибержиноятларни фош этиш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш, Академиянинг мустаҳкам ўқув базасини KNPA ва KISA каби агентликларнинг Корея модели ҳамда технологиялари билан уйғунлаштирилади.
Самарқанд ва Наманган вилоятлари туман ҳокимлари учун сунъий интеллект воситалари ва IoT технологияларини муниципал бошқарувга жорий этишга йўналтирилган ихтисослаштирилган тренинглар ташкил этилади.
Учрашув давомида KOICA ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги ўртасида ҳамкорлик лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ҳужжат имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистонда давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорликдаги дастурни амалга оширишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА