Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик шериклик янада мустаҳкамланади
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг тараққиётни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акихико Нишио ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида халқаро лойиҳаларни амалга оширишда самарадорликни ошириш, бошқарув механизмларини такомиллаштириш ҳамда янги ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда асосий эътибор Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) доирасида амалга оширилаётган дастурлар ва уларнинг натижадорлигини оширишга қаратилди. Томонлар лойиҳаларни молиялаштиришда шаффофликни кучайтириш, натижаларга йўналтирилган ёндашувларни кенгайтириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий таъсирни баҳолаш тизимини такомиллаштириш бўйича фикр алмашди.
Шунингдек, амалга оширилаётган ташаббусларда амалий натижаларга эришишни тезлаштириш, лойиҳа босқичларини мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Бу эса давлат ва халқаро молиявий институтлар ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқот давомида жорий йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган IDA йиғилишига тайёргарлик жараёнлари ҳам муҳокама қилинди. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлида эришган натижаларини халқаро майдонда намойиш этиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, халқаро лойиҳаларни амалга оширишда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА