Ўзбекистон ва Италия ўртасида аграр соҳадаги амалий ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида ФАОнинг Европа учун 35-минтақавий конференциясида иштирок этди.
Мазкур халқаро тадбир доирасида Иброҳим Абдураҳмонов Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гвидо Де Санктс билан учрашув ўтказди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасида соҳадаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, янги босқичга олиб чиқиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Учрашувда аграр таълим, илм-фан ва инновациялар йўналишидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўзбекистонлик талабаларни Италия олий таълим муассасаларида таҳсил олишга юбориш бўйича амалга оширилаётган ташаббуслар юқори баҳоланди.
Томонлар мазкур дастурлар ёш мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий агротехнологиялар, илғор илмий ёндашувлар ҳамда халқаро тажрибаларни мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шунингдек, инновацион технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини кенгайтириш, сув тежовчи технологиялар ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА