Ўзбекистон ва ХМТ: халқаро меҳнат стандартлари соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланади
Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбова Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Халқаро меҳнат стандартлари департаменти директори Корин Варга билан учрашди.
Учрашувда миллий меҳнат қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари бўйича мажбуриятларни амалга ошириш жараёнига эътибор қаратилди.

Корин Варга Ўзбекистонда меҳнат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолади. Миллий норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Учрашувда ХМТ тавсияларининг бажарилиши ҳамда ижтимоий меҳнат муносабатларини тартибга солиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшма “йўл харитаси”нинг амалга оширилиши эътибор марказида бўлди.

Томонлар ижтимоий-меҳнат соҳасидаги янги халқаро конвенцияларни ратификация қилиш истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги эксперт-техник ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди.
Н.Абдураимова, ЎзА