Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида қурилиш соҳасида қўшма лойиҳалар кўлами кенгаяди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётган бир пайтда вазирликда Хитой Халқ Республикаси делегацияси билан муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур мулоқот икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги амалий қадам сифатида эътироф этилди.

Меҳмонларни вазир ўринбосари Озода Жўраева самимий руҳда кутиб олди. Учрашувда, шунингдек, вазирликнинг тегишли департаментлари раҳбарлари ҳамда етакчи мутахассислар иштирок этиб, очиқ ва мазмунли мулоқот олиб борилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда унинг истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қурилиш соҳаси мамлакат иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳамкорлик, айниқса, хитойлик шериклар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Учрашув чоғида қатор долзарб йўналишлар юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари, аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашга қаратилган уй-жой сиёсати, ипотека механизмларини такомиллаштириш, молиявий инструментларни кенгайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурлари, айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам алоҳида эътиборга олинди.
Вазир ўринбосари Озода Жўраева ўз нутқида “Янги Тошкент” йирик шаҳарсозлик лойиҳаси, замонавий турар жой массивлари барпо этиш, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган ташаббуслар хусусида тўхталиб ўтди. У хитойлик ҳамкорларни марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларда фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Шу билан бирга, учрашувда инвестицияларни жалб қилиш, илғор технологиялар трансфери, кадрлар малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Цинхуа” университетининг “EMBA” дастури ҳамда саноат альянси каби платформалар орқали бизнес алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва тажриба алмашинувини изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Бу каби мулоқотлар нафақат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди, балки мамлакатимизда замонавий қурилиш стандартларини жорий этиш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА