Ўзбекистон ва Грузиянинг фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлиги
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини сифатли, хавфсиз ва ҳамёнбоп дори воситалари билан таъминлаш, маҳаллий фармацевтика саноатини янги босқичга олиб чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, технологиялар трансферини жадаллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бу борадаги устувор вазифалардан бирига айланди. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида, юртимиз фармацевтика тармоғи вакиллари иштирокида хорижий давлатларга мақсадли хизмат сафарлари уюштирилмоқда.
Хусусан, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги делегация, шунингдек, Ўзбекистоннинг қатор фармацевтика корхоналари вакиллари иштирокида Грузияга амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида дастлаб "GM PHARMA" корхонаси фаолияти билан яқиндан танишилди.
Учрашув ва ишчи мулоқотлар давомида корхонада қўлланилаётган илғор ишлаб чиқариш технологиялари, замонавий ускуналар ҳамда сифат назорати тизими ўрганилди.
Шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар юзасидан ўзаро тажриба алмашилди. Томонлар мазкур технологияларни мамлакатимиз фармацевтика тармоғида жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, технологиялар трансфери ҳамда Ўзбекистон фармацевтика корхоналари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Мазкур амалий ташрифнинг мантиқий давоми сифатида ҳамда давлатлараро тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида делегациянинг навбатдаги манзили Грузия Тиббий ва фармацевтик фаолиятни тартибга солиш давлат агентлиги бўлди. Бу ерда Грузиянинг ваколатли агентлиги билан фармацевтика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Грузия ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг Грузия бозорига экспорт ҳажмини ошириш ҳамда бу жараёнда мавжуд масалаларни ҳал этиш юзасидан атрофлича музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, учрашувда иштирок этган маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари Грузияда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида юзага келаётган амалий масалаларни кўтариб, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Учрашув якунида томонлар фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Шунингдек, Грузияга амалга оширилаётган амалий ташриф доирасида соғлиқни сақлаш ва тиббий илм-фан соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш мақсадида «Todua Clinic» билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Грузиянинг онкология ва юқори технологияли тиббий хизматлар соҳасидаги етакчи кўп тармоқли тиббиёт муассасаларидан бири — «Todua Clinic» раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистонда клиник тадқиқотлар экотизимини ривожлантириш, халқаро клиник тадқиқотларни кенг жалб этиш, онкология соҳасида замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, мулоқот чоғида клиник тадқиқотларни ташкил этиш ва бошқариш, GCP халқаро стандартларини амалиётга татбиқ этиш, илмий тадқиқот марказлари салоҳиятини ошириш, шифокорлар, клиник тадқиқотчилар ва фармацевтлар учун қўшма таълим дастурлари, малака ошириш курслари, стажировкалар ҳамда экспертлар алмашинувини йўлга қўйиш истиқболлари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда «Todua Clinic» ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бу каби халқаро амалий мулоқотлар Ўзбекистон фармацевтика бозорининг рақобатбардошлигини оширишга, маҳаллий корхоналарнинг халқаро стандартларга интеграциялашувини тезлаштиришга ҳамда миллий маҳсулотларимизнинг ташқи бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Грузиянинг ҳам ишлаб чиқариш, ҳам тартибга солиш соҳасидаги етакчи тузилмалари билан ўрнатилаётган яқин ҳамкорлик нафақат соҳага янги инвестициялар ва инновацияларни жалб этиш, балки якуний босқичда аҳолимиз учун тиббий маҳсулотлар таъминотининг барқарорлиги ва сифатини кафолатлашда муҳим омил бўлиши муқаррар.
Моҳигул Қосимова, ЎзА