Ўзбекистон ва Грузия: Ўзаро ҳамкорликка оид ижобий тенденциялар янада фаол давом эттирилади
Танзаниянинг Аруша шаҳрида давом этаётган Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Грузия Парламенти Раиси Шалва Папуашвили билан учрашув ўтказди.
Ўзаро мулоқотда давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация ва турли соҳаларда имзоланган ҳужжатлар икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам асос яратгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар йўналишлардаги имкониятлардан янада кенг фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Т.Норбоева Грузия парламент делегацияларининг Ўзбекистонда ўтказилган халқаро тадбирлардаги фаол иштирокини юқори баҳолади. Хусусан, уларнинг Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси, Самарқандда бўлиб ўтган Ёш парламентарийларнинг 12-глобал форумида фаол қатнашгани ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди. Олий даражадаги келишувлар ижросига кўмаклашиш, зарур ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва парламент назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Шу мақсадда парламентлараро ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Унда парламент қўмиталари ўртасидаги бевосита мулоқот, ўзаро ташрифлар, аёл ва ёш парламентарийлар ҳамкорлиги, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга қаратилган тадбирларни назарда тутиш мумкинлиги қайд этилди.
Қўмиталарнинг ўз йўналишлари бўйича мунтазам ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Грузияда навбатма-навбат учрашувлар ўтказиш орқали икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик – мулоқотнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Грузия портлари имкониятларидан фойдаланиш, янги темир йўл йўналишлари ва транспорт йўлакларини ўзаро боғлаш савдо алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Бу йўналишдаги ҳамкорлик Ўзбекистон билан бир қаторда бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам аҳамиятли экани таъкидланди.
Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Грузин маданият маркази, маданият ва санъат тадбирлари ҳамда ўзаро сайёҳлик алмашинувлари халқлар ўртасидаги дўстлик ва яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилиб, мазкур ижобий тенденцияларни янада фаол давом эттиришга келишиб олинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА