Ўзбекистон ва Германия кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 17-18 июнь кунлари Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер рафиқаси ҳамроҳлигида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Қайд этиш керак, икки кунлик ташриф дастури сермазмун бўлди. Ташрифнинг биринчи куни Ўзбекистон ва Германия давлат раҳбарларининг тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бир қатор янги қўшма лойиҳа ва дастурлар ишга туширилди.
Давлатлар раҳбарлари ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилиб, кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини тасдиқладилар. Икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистонда шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича лойиҳаларни бажариш учун грант маблағлари ажратиш ва имтиёзли молиялаштиришни назарда тутувчи молиявий ҳамкорлик соҳасидаги келишувлар имзоланди.
Олий мартабали меҳмон 18 июнь куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ислом цивилизацияси маркази тарихий ва замонавий илм-фанни уйғунлаштирган, қўлёзма манбаларни рақамли технологиялар асосида ўрганишга хизмат қилувчи йирик халқаро илмий-маданий мажмуадир.
Миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий дизайн ёндашувлари уйғунлигида бунёд этилган марказнинг гумбазлари, пештоқлари ҳамда нафис нақш безаклари унинг бетакрор меъморий қиёфасини намоён этади.
Олий мартабали меҳмонга халқимиз тарихий тараққиётининг муҳим босқичларини ёритувчи “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс” бўлимлари батафсил таништирилди. Ушбу экспозицияларда мазкур даврлар тарихи ноёб ашёлар, қўлёзма манбалар, фотоматериаллар ва замонавий мультимедиа воситалари орқали ёритилган.
Делегация вакиллари Қуръони карим залида бўлиб, ислом оламининг энг нодир ёдгорликларидан бўлган қадимий Усмон Мусҳафи билан танишди. Ушбу ноёб манба ўзининг улкан тарихий ва маданий аҳамияти билан ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдиради.
Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер давлатлараро маданий мулоқот ва маънавий яқинликни мустаҳкамлаб, глобал шароитда халқаро ҳамкорликни кучайтиришда Ислом цивилизацияси марказининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар икки томонлама иқтисодий шерикликка янги суръат бағишламоқда.
Бугун Ўзбекистон ва Германия иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга экани амалий лойиҳаларда яққол намоён бўлмоқда. Германия ўзининг илғор технологиялари ва юқори сифатли саноат ускуналари билан мамлакатимиз учун энг ишончли ҳамкорлардан бирига айланди. Юртимизда немис капитали ва юқори технологиялари иштирокида амалга оширилаётган йирик ташаббуслар иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга хизмат қиляпти.
Тошкент шаҳрида муваффақиятли фаолият юритаётган “Papenburg Uzbekistan” қўшма корхонаси ана шундай юқори технологик ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.
Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер мазкур қўшма корхонада ҳам бўлди.
Германиянинг етакчи технологиялари ва миллий йўл қурилиши анъаналари асосида ташкил этилган ушбу корхона инфратузилмавий тараққиёт йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда. Икки давлат раҳбарларининг муҳим келишувлари ҳамда Ўзбекистон Ҳукуматининг тегишли қарори ижроси доирасида 2021 йилда иш бошлаган мазкур субъект қисқа муддатда миллий йўл инфратузилмасини халқаро стандартлар даражасида янгилашнинг муҳим драйверларидан бирига айланди.
Лойиҳани кенг кўламда амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида пойтахтимизнинг Бектемир туманидан 8 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Корхонанинг қисқа фурсатда тўлиқ қувват билан ишга тушиши ва юқори самарадорликка эришишида Ўзбекистондаги қулай тадбиркорлик муҳити, бюрократик тўсиқларнинг йўқлиги ҳамда қонунчилик даражасидаги кафолатлар муҳим пойдевор бўлди.
Ушбу лойиҳа нафақат иқтисодий, балки катта ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Бугунги кунда корхонада фаолият юритаётган юқори малакали ишчи ва мутахассисларнинг асосий қисмини маҳаллий ёшлар ташкил этади. Улар немис муҳандисларидан замонавий технологияларни бошқариш сирларини ўрганиб, юртимизда йўл қурилиши соҳасининг янги авлод кадрлари бўлиб етишмоқда.
Икки томонлама шериклик кўламининг бундай кенгайиши нафақат саноат ва инфратузилма, балки меҳнат миграцияси ва профессионал таълим йўналишида ҳам янги истиқболларни очмоқда. Шу боис, ташриф давомида Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда Германиянинг масъул ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган мақсадли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Бу жараёнда ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг касбий маҳоратини ошириш масаласига алоҳида урғу берилди.
Мазкур лойиҳалар ўзбекистонлик ёшларга немис тили ва халқаро касбий стандартларни пухта ўргатиш орқали уларнинг Германиядаги етакчи саноат, қурилиш, тиббиёт, транспорт ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қонуний ҳамда хавфсиз меҳнат фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган. Бу эса мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Олий мартабали меҳмон икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги тизимли ташаббуслар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш дастурларига алоҳида қизиқиш билдирди.
Бугунги кунда Германиянинг 38 та йирик шерик-иш берувчи ташкилоти билан тўғридан-тўғри изчил алоқалар ўрнатилган. Айнан шу ҳамкорлик натижасида немис меҳнат бозорида ўзбекистонлик мутахассислар учун 73 мингдан ортиқ бўш иш ўрни таклиф қилинган бўлиб, ҳозирги кунгача ушбу йўналишда 5 минг 500 нафар фуқаро германиялик иш берувчиларга бириктирилди.
Ташриф доирасида айниқса тиббиёт ва соғлиқни сақлаш йўналишидаги қўшма лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.
Германия Президенти немис тили ва касб-ҳунар сирларини ўрганиб, Германияга ишга кетишга тайёргарлик кўраётган ўзбекистонлик ёшлар билан самимий мулоқот қилди. Ёшларнинг билимга бўлган интилиши ва немис тилини мукаммал эгаллагани юқори баҳоланди.
Шу билан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди.
И.АВВАЛБОЕВ,
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА мухбирлари