Ўзбекистон ва Финляндия: халқаро божхона алоқалари кенгаймоқда
Божхона қўмитасида Финляндия Божхона хизматининг Қозоғистондаги алоқа офицери, халқаро ва ҳуқуқий масалалар бўйича катта божхона инспектори Антти Луукконен билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар ахборот алмашинувини фаоллаштириш, амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш ва ўзаро идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувда 2008 йил 28 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Финляндия Республикаси Ҳукумати ўртасидаги божхона соҳасида ўзаро кўмаклашиш тўғрисидаги Битим доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар чоғида Скандинавия мамлакатлари божхона хизматлари билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, халқаро сўровлар бўйича ахборот алмашиш, хавфларни бошқариш тизими, товарларни мақсадли назорат қилиш (targeting), контрабандага қарши курашиш, божхона аудити, кинология хизмати, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди. Финляндия томони халқаро сўровнома ва ахборот алмашинуви соҳасида ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр эканини алоҳида қайд этди.
Ушбу учрашув Ўзбекистоннинг халқаро божхона ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, замонавий иш услубларини жорий этиш ва идоралараро салоҳиятни ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА