Ўзбекистон ва БМТ ўртасида халқаро ташаббуслар ва қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва “БМТ Туризм” ташкилоти учрашуви доирасида томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Учрашув давомида туризм соҳасидаги амалдаги ҳамкорликнинг юқори даражаси қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ташкилотнинг энг фаол аъзо давлатларидан бири сифатида эътироф этилди.
Мамлакат босқичма-босқич қўшма ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Жумладан, Самарқанддаги “Ипак йўлида туризм” тематик офиси фаолияти ҳамда Халқаро туризм академиясини ривожлантириш шулар жумласидан. Жорий йил апрель ойида Бош котиб Шайха Нассер ал Новаиснинг ташрифи ҳамкорликнинг барқарорлиги ва изчил ривожланаётганини яна бир бор тасдиқлагани алоҳида таъкидланди.

Музокараларнинг асосий мавзуси Қўшма чора-тадбирлар режасини имзолашга тайёргарлик бўлди. Шу билан бирга, Самарқанддаги “Ипак йўлида туризм” тематик офисини муҳим минтақавий восита сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, трансчегаравий туризмни ривожлантиришга қаратилган “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббусини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилишича, 60 дан ортиқ давлат фуқаролари Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга ягона сафар доирасида ташриф буюриш имкониятига эга бўлади. Бу эса ягона туристик маконни шакллантириш учун муҳим асос яратади.
Алоҳида эътибор Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси – Глобал хавфсиз туризм кодексини амалга оширишга қаратилди. Шу муносабат билан Ҳукуматлараро қўмитанинг 2-йиғилишини ўтказиш, ҳужжат лойиҳасини якунлаш ҳамда уни ташкилотнинг раҳбар органларида кўриб чиқиш зарурлиги бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, мазкур масалани Ижроия кенгаши кун тартибига киритиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йилига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди ҳамда тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузиш имконияти кўриб чиқилди. Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва минтақада барқарор ҳамда хавфсиз туризмни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидлади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА