Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес форуми иштирокчиларига
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Қадрли дўстлар!
Сизларни Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг Хоразм заминида – гўзал Хивада ўтказилаётган тўртинчи бизнес форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Бу ноёб шаҳар асрлар давомида Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлиб келган. Бу ерда турли маданиятлар бир-бирини бойитган, савдо ва ҳунармандчилик ривожланган, янги ғоя ва технологиялар пайдо бўлган.
Бугун меҳмондўст Хива яна очиқ мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик маконига айланиб бораётгани чуқур рамзий маънога эга.
Азиз дўстлар!
Ўзбек ва беларусь халқларини мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч ришталари боғлаб туради. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада жадал ривожланиб, янги амалий маъно-мазмун билан бойиди.
Давлатларимиз ўртасида жорий йил 9 июль куни Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши катта сиёсий аҳамиятга молик воқеа бўлди. Ушбу муҳим ҳужжат ва 2026–2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳамкорлигимизнинг узоқ муддатли йўналишларини белгилаб берди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларусь саноат ва қишлоқ хўжалиги, савдо ва инвестициялар, транспорт ва логистика, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм соҳаларида муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда.
Ўтган йил якуни бўйича ўзаро савдо ҳажми 1 миллиард долларга яқинлашди. Бизнинг умумий вазифамиз – 2030 йилгача бу кўрсаткични икки баробар оширишдан иборат. Ушбу мақсадга эришиш учун мамлакатларимиз иқтисодиётининг бир-бирини тўлдирадиган имкониятларидан янада фаол фойдаланиш, саноат кооперациясини ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимдир.
Бу ишларда тадбиркор аёллар фаол иштирок этаётгани қувонарлидир. Улар янги бозорларни муваффақиятли ўзлаштирмоқда, замонавий технологияларни жорий этмоқда, талаб юқори бўлган ишлаб чиқариш ва хизматларни ривожлантирмоқда. Шу боис хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни биз нафақат муҳим ижтимоий вазифа, балки энг аввало, мамлакатларимизнинг иқтисодий ўсиши, инновацион ривожланиши ва рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омили деб биламиз.
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон аёллари ўртасидаги тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот олиб бориш анъанасини давом эттиради.
2023 йилдан буён форумлар Минск, Тошкент ва Витебскда муваффақиятли ўтказилди. Уларнинг якунлари бўйича имзоланган битимлар, ўрнатилган ишбилармонлик алоқалари ва шакллантирилган ташаббуслар портфели бундай форматга бўлган эҳтиёжни ишончли тарзда тасдиқлади.
Бугун навбатдаги қадамни қўйиш – муваффақиятли амалга оширилаётган алоҳида лойиҳалардан тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорликка ўтиш муҳим аҳамиятга эга.
Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг билим ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, бандлигини кенгайтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу мақсадлар учун 23,5 триллион сўм ёки қарийб икки миллиард доллар қийматидаги маблағ йўналтирилди. Натижада 425 мингдан зиёд хотин-қизлар ишли бўлиб, ўз бизнесини бошлади. Бу кўрсаткичлар замирида даромад манбаи, ўз билим ва қобилиятларини янада тўлиқ рўёбга чиқариш имконияти, эртанги кунга ишонч пайдо бўлган одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар мужассамдир.
Биз Беларусь раҳбариятининг хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш ва илмий фаолият, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш борасидаги изчил сиёсатини, шунингдек, мамлакатда 2026 йилнинг “Беларусь аёли йили” деб эълон қилинганини юксак қадрлаймиз. Буларнинг барчаси ушбу соҳадаги мақсад ва ёндашувларимиз яқин эканини яққол тасдиқлайди.
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш соҳасида икки мамлакатнинг тажрибаси ва салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш кўп қиррали Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга янги туртки беради, деб ишонаман.
Қадрли дўстлар!
Ушбу форумнинг бой дастури саноат кооперацияси ва инвестициялар, агросаноат мажмуаси ва биотехнологиялар, рақамли ечимлар, туризм ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини қамраб олган.
“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ва “Беларусда ишлаб чиқарилган” деган ёрлиқлар остида миллий маҳсулотлар кўргазмалари нафақат ўз ютуқларини намойиш этиш, балки янги ҳамкорлар топиш учун ҳам яхши имкониятдир.
Икки мамлакат ҳукуматлари, парламентлари, ҳудудлари, банклари ва ишбилармон доиралари форум доирасида илгари сурилган истиқболли ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқариши ҳамда эришилган келишувларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаши лозим.
Янги иш бошлаётган тадбиркор аёлларни ўқитиш, менторлик ва электрон савдони ривожлантириш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорларига олиб чиқиш алоҳида эътиборга лойиқдир.
Форумнинг якуний қарорлари келгусида биргаликда ишлаш учун мустаҳкам асос бўлади, деб умид қиламиз.
Ишончим комил, Ўзбекистон ва Беларусь хотин-қизларининг билими, куч-ғайрати ва ишбилармонлик борасидаги фаоллиги бундан буён ҳам давлатларимиз иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форумнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият ва янги ютуқлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти