Ўзбекистон ва Беларусь маданият вазирлари Минскда музокаралар ўтказди
Минскда Беларусь Республикасида ўтказилаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Беларусь Республикаси маданият вазири Марат Марков ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, мулоқот давомида икки давлат ўртасида маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Томонлар маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, театр, кино, музей, кутубхона, маданий таълим ҳамда ижодий жамоалар алмашинувини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
-Бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик изчил ва самарали ривожланмоқда. Бу, аввало, давлатларимиз раҳбарлари ўртасида қарор топган дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар самарасидир. Мамлакатларимизда ўзаро “Маданият кунлари” ва “Кино кунлари”ни ўтказиш эзгу анъанага айланди. Ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Беларусь Республикаси маданияти кунлари” мамлакатимиз маданий ҳаётидаги энг ёрқин воқеалардан бири бўлди. Ўзбекистон ижодий жамоалари ва санъаткорлари Витебск шаҳрида ўтказиладиган нуфузли “Славянский базар” халқаро санъат фестивалида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Вазирликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси”ни имзолашни режалаштирганмиз. Ишончим комилки, ушбу ҳужжат қўшма фаолиятимиз учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг йўл очади, — деди Озодбек Назарбеков.

Учрашувда вазирлар томонидан маданият ва санъат соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, икки вазирлик вакилларидан иборат доимий қўшма ишчи гуруҳни ташкил этиш таклиф қилинди. Таъкидланишича, мазкур тузилма маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини мувофиқлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда истиқболли ташаббусларни илгари суришга хизмат қилади.
Шунингдек, кинематография соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакатнинг умумий маданий мероси, тарихи ва бугунги ҳаётига бағишланган бадиий ҳамда ҳужжатли фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маданият соҳасини рақамлаштириш йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Томонлар музейлар, театрлар, концерт ташкилотлари ва бошқа маданият муассасаларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш борасида тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА