Ўзбекистон ва Аргентина аграр соҳада янги лойиҳаларни муҳокама қилди
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий давлатлар билан йўлга қўйилаётган мулоқотлар ўзаро манфаатли лойиҳалар учун янги имкониятлар яратмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров Аргентинанинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Энрике Игнасио Феррер Виейра билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Аргентина ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Хусусан, агросаноат тармоғига илғор технологияларни жорий этиш, селекция ва уруғчилик, чорвачилик, аграр илм-фан, мутахассислар малакасини ошириш, шунингдек, инвестициявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги шериклигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган амалий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Марҳабо Ҳожиакбарова,
ЎзА