Ўзбекистон ва АҚШ: икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) Конгресси Вакиллар палатасининг конгрессменлари Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорлик изчил ва жадал ривожланиб бораётгани, икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлашда парламентлараро мулоқот муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг парламентлараро гуруҳи ва АҚШ Конгресси ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” фаолияти сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқаларни тизимли ривожлантириш, парламент дипломатияси орқали долзарб масалаларни муҳокама этиш ва уларга ечим топишнинг самарали механизмларидан бирига айлангани алоҳида эътироф этилди.

Мулоқотда келгусида парламентлараро алоқаларни янада изчил ривожлантириш, парламент қўмиталари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ҳамда АҚШ штатлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро манфаатли инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.

Меҳнат муносабатлари, гендер тенглик ва ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА