Ўзбекистон ва Афғонистон транспорт ҳамкорлигини янада мустаҳкамламоқда
Қобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим музокаралар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Афғонистоннинг транспорт ва авиация вазири Муҳаммад Фозил Мазлум иштирок этди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасида автомобиль юк ташувларини ривожлантириш, миллий ташувчилар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон ташувчиларидан ундириладиган йиғимларни мақбуллаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар йиғимлар миқдорини қисқартириш ва уларни ўзаро тенглик тамойили асосида белгилаш бўйича идоралараро ишчи гуруҳнинг навбатдаги учрашувини 2026 йил 10 августга қадар ўтказишга келишиб олди. Бу ташаббус халқаро автомобиль ташувларида юзага келаётган иқтисодий ва ташкилий масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, миллий халқаро ташувчилар фаолиятида учраётган мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида Афғонистоннинг тегишли мутасадди идоралари вакиллари иштирокида яқин муддатларда алоҳида амалий учрашув ўтказиш юзасидан ҳам келишувга эришилди.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур мулоқот икки мамлакат ўртасидаги транспорт ва транзит соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро юк ташувлари ҳажмини ошириш, логистика занжирларини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорлар учун қулай транспорт муҳитини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги транзит салоҳиятини кенгайтириш ва Афғонистон орқали Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини ошириш нуқтаи назаридан бундай мулоқотлар стратегик аҳамиятга эга. Бу эса нафақат икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини фаоллаштириш, балки минтақавий транспорт йўлакларининг рақобатбардошлигини оширишга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА