Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида навбатдаги меморандум имзоланди
АИР ҳукумати делегациясининг Тошкентга ташрифи чоғида Афғонистон Олий таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.
Маросимда Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов ва АИР Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар иштирок этди.
Имзоланган Меморандумда икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ўқув материаллари алмашиш, таълим тадбирларида мутахассисларнинг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш ва илмий журналларда нашр ва мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари, тартиби белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, таълим соҳасида ҳамкорлик, жумладан, олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш бўйича келишувга ҳукуматимиз делегациясининг Афғонистонга октябрь ойида амалга оширилган ташрифи чоғида эришилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳақида гапирганда шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Сурхондарё вилояти Термиз туманида Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018-2019 ўқув йили давомида Марказда 96 талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олиб, уларнинг барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти Университети бакалаври даражасига эга бўлди.

Ҳозирги кунда марказда 172 нафар, жумладан, “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича 119, “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналиши бўйича 35, “Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши” йўналиши бўйича 18 талаба таҳсил олмоқда.
Бундан ташқари, шу йилнинг декабрь ойида афғонистонлик ёшлардан 10 нафари Европа Иттифоқи молиявий кўмаги асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун юртимизга келиши режалаштирилган.