Ўзбекистон учун янги имконият эшиклари очилди
Самарқандда 2026 йил 19 октябрь куни ўтказилган “C5 + 1” вазирлар учрашуви ҳамда Америка - Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши мамлакатимиз учун янги имконият эшикларини очди.
Мазкур имкониятларни рўёбга чиқаришда ҳуқуқий кафолатлар ва малакали кадрларнинг ўрни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси масъул ходими, «The Legal Perspective» нашри асосчиси Баҳодир Саъдуллаев ўз фикрларини билдирди:
– Самарқанддаги “C5 + 1” учрашуви Ўзбекистоннинг транспорт, саноат, технология ва таълим соҳаларидаги устувор вазифаларини халқаро ҳамкорлик лойиҳаларига айлантириш имкониятини кенгайтирди.
Марказий Осиёнинг беш давлатини АҚШ билан бирлаштирувчи форматнинг дастлабки вазирлар учрашуви 2015 йилда ҳам Самарқандда ўтказилган. Бу ҳамкорликнинг давомийлигини ифодалайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ташқи сиёсатида қўшнилар билан ишончли муносабатлар муҳим ўрин тутади. Чунки транспорт йўлаклари, энергетика ва ишлаб чиқариш занжирлари минтақадаги давлатларнинг мувофиқлашган ҳаракатини талаб этади.
Президент матбуот хизмати ахборотида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти йўлга қўйилгани, кенгаш йиғилиши доирасида 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилгани қайд этилди.
Wabtec билан локомотивлар етказиб бериш, уларга хизмат кўрсатиш ва кадрлар тайёрлаш, Traxys билан муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, Franklin Templeton билан эса корхоналарни трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳар бир лойиҳа мамлакатнинг тараққиёт вазифаларига хизмат қилиши, келишувлар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши зарур. Давлат иштирокидаги битимларда бюджет мажбуриятлари ва экологик талаблар баҳоланиши, тижорат шартномаларида эса тарафларнинг жавобгарлиги ва низоларни ҳал этиш тартиби аниқ белгиланиши керак.
Масалан, хориждан ускуна олаётган тадбиркор учун нархдан ташқари кафолат, эҳтиёт қисмлар, дастурий таъминотдан фойдаланиш ва зарарни қоплаш шартлари ҳам аҳамиятли. Низони қайси суд ёки арбитраж кўриши, қайси ҳуқуқ қўлланиши олдиндан келишиб олиниши лозим.
Суд мустақиллиги, тарафларнинг тенг процессуал имкониятлари ва қарор ижроси ҳуқуқий ишончни шакллантиради.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 14 августдаги фармони билан тасдиқланган “Одил судлов - 2030” стратегияси суд мустақиллиги, очиқлик, қарорлар сифати ва рақамли одил судловни ривожлантиришда муҳим асос бўлди.
Стратегияни 2026 - 2028 йилларда амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг 56-бандида Ўзбекистон фуқаролари кўп бўлган ва иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётган давлатларнинг суд ва адлия органлари билан ҳамкорликни кучайтириши белгиланган. Шунингдек, суд топшириқларининг бажарилиши, қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш назарда тутилган.
Шу асосда Ўзбекистон - АҚШ муносабатларида ҳужжатларни етказиш, далил олиш ва қарорлар ижросидаги қийинчиликларни таҳлил қилиш мумкин.
Халқаро тижорат низолари, корпоратив бошқарув ва интеллектуал мулк бўйича қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Масалан, Одил судлов академиясида америкалик мутахассислар иштирокида семинарлар, стажировкалар ва масофавий машғулотлар ташкил этиш имкониятлари етарли.
Тадбиркорлар учун халқаро арбитраж имкониятларини билиш ҳам жуда муҳим. Бу борада Ўзбекистонда “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Ўзбекистон ва АҚШ иштирокчи бўлган 1958 йилги Нью-Йорк конвенцияси эса чет эл арбитраж қарорларини тан олиш ва ижрога қаратишда халқаро ҳуқуқий асос яратади.
Конвенцияда тан олиш ва ижрони рад этишнинг чекланган асослари ҳам мавжуд. У давлат судлари қарорларига тааллуқли эмас. Бундай қарорларни тан олиш ва ижро этишда тегишли халқаро шартнома ҳамда миллий қонунчиликдаги асослар алоҳида текширилади. Шунинг учун тадбиркор шартнома тузишдаёқ қарорнинг қаерда ва қандай ижро этилишини билиши ёки белгилаши керак.
Ўзбекистоннинг 2026 йил 19 октябрда “Артемида” битимларини имзолаши коинотни тинч мақсадларда ўрганиш бўйича ҳамкорликка ҳам йўл очди. Бу ҳужжатлар очиқлик, илмий маълумот алмашиш ва масъулиятли фаолият принципларини ифодалайди. Мазкур йўналиш илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиради.
Самарқанд мулоқотининг самарасини баҳолашда асосий мезон – ишга тушган лойиҳа, маҳаллий корхонанинг янги буюртмаси, мутахассис ўзлаштирган технология ва маҳсулот учун очилган янги бозор алоҳида ўрин тутади. Бунинг учун масъуллар, ижро муддатлари ва натижа кўрсаткичлари аниқ белгиланиши зарур. Пухта шартномалар, малакали кадрлар ва самарали ҳуқуқий ҳимоя келишувлар аҳоли ва бизнес учун амалий натижага айланиши шубҳасиз.
Н.Абдураимова,
ЎзА