Ўзбекистон–Туркия бизнес форуми бўлиб ўтмоқда
Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари иштирокида бизнес форум ўз ишини бошлади.
Ушбу тадбир икки қардош давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Муҳокамалар марказида инвестициялар, саноат, қурилиш, инфратузилма ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари турибди.

Тадбирда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Сўнгги йилларда шаклланган ижобий тажриба асосида замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини жорий этиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, энергия самарадор ва инновацион қурилиш технологияларини татбиқ этиш каби йўналишларда ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Форум доирасида “Янги Тошкент” йирик шаҳарсозлик лойиҳаси ҳам иштирокчилар эътибор марказида бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар хорижий инвесторлар, жумладан туркиялик ишбилармонлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинмоқда.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус янги инвестиция имкониятларини очиб бериш билан бирга, замонавий шаҳар инфратузилмасини шакллантиришга хизмат қилади.

Форум доирасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Саидносир Усмонов ҳам сўзга чиқди. У ўз чиқишида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятига тўхталди. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар, айниқса қурилиш ва коммунал хўжалиги соҳасида изчил ривожланиб бормоқда.
Форумда замонавий уй-жой қурилиши ва шаҳарсозликни ривожлантириш, муҳандислик инфратузилмасини янгилаш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, зилзилабардош қурилиш соҳасида Туркия тажрибасини ўрганиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар алмашинуви каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

Форумда қайд этилишича, “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасидаги қўшма ташаббуслар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, турк компаниялари учун Ўзбекистон бозорида янги инвестиция имкониятлари яратилмоқда.
Ўзбекистон–Туркия бизнес форуми икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, амалий лойиҳаларни кенгайтириш ва узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА