Ўзбекистон - Тожикистон: стратегик шерикликдан иттифоқчилик сари дадил қадам қўйилди
Марказий Осиёда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган янги сиёсий муҳит шаклланмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар алоҳида ўрин тутади.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– 2026 йил 26 март куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтарган муҳим воқеа сифатида тарихга кирди.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши икки томонлама алоқаларнинг институционал жиҳатдан янги босқичга чиққанини англатади. Давлат раҳбарлари таъкидлаганидек, мазкур формат Ўзбекистон - Тожикистон муносабатларини фақат дипломатик мулоқот даражасида эмас, балки аниқ лойиҳалар ва амалий ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади.
Иқтисодий ҳамкорлик бугунги муносабатларнинг асосий драйверига айланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етган бўлса, келгусида бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бу эса икки давлат иқтисодиёти ўртасидаги интеграциянинг чуқурлашиб бораётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, саноат кооперацияси, транспорт логистикаси, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш каби стратегик соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ойбек - Фотиҳобод” чегараолди савдо марказини барпо этиш, “E-Permit” каби рақамли тизимларни жорий этиш, чегара инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича келишувлар иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Музокаралар доирасида қабул қилинган Саноат кооперацияси дастури ва қўшма инвестиция компанияси фаолиятини кенгайтиришга қаратилган қарорлар эса истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам молиявий ва ташкилий асос яратади. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика каби соҳалардаги қўшма лойиҳалар икки давлат саноат салоҳиятини ўзаро тўлдиришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида 10 та йирик қўшма лойиҳанинг ишга туширилиши эса ҳамкорликнинг амалий натижаларга йўналтирилганини кўрсатади. Бу лойиҳалар нафақат иқтисодий ўсишни таъминлайди, балки янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳам муносабатларнинг муҳим устуни ҳисобланади. Таълим, илм-фан, туризм ва ёшлар алмашинувлари бўйича қабул қилинган дастурлар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди. Айниқса, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий меросига бағишланган қўшма ташаббуслар умумий маънавий илдизларимизнинг яна бир бор намоён бўлишидир.
Шунингдек, хавфсизлик, минтақавий барқарорлик ва халқаро майдонда ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда икки давлатнинг ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур давлат ташрифи Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг мустаҳкамланиши нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиётига хизмат қилади.
Энг муҳими, бу ҳамкорлик халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик, ўзаро ишонч ва муштарак қадриятларга таянади. Ана шу мустаҳкам асос эса келгусида янада кенг кўламли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА