Ўзбекистон терма жамоаси “Kazakhstan Open” турнирида кучли учликда
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида таэквондо WT бўйича ўтаётган нуфузли мусобақаларда вакилларимиз муваффақиятли иштирок этмоқда.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида таэквондо WT бўйича G1 тоифасидаги “Kazakhstan Open” халқаро турнирининг катталар ўртасидаги беллашувлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақа давомида Лайло Ҳасанова (-53 кг.) ҳамда Озода Собиржонова (-67 кг.) ўз вазн тоифаларида барча рақибларидан устун келган ҳолда олтин медални қўлга киритди. Жаҳонгир Худойбердиев (-54 кг.), Назарали Назаров (-63 кг.), Жасурбек Жайсунов (-80 кг.) ва Марат Мавлонов (+87 кг.) каби таэквондочиларимиз эса кумуш медаль билан тақдирланди. Асадбек Самандаров (-58 кг.) эса бронза медали соҳиби бўлди.
Мазкур натижага кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақани умумжамоа ҳисобида кучли учликда якунлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси бир неча кун аввал Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган "Altaic Open" турнирида 5 тадан олтин ва кумуш ҳамда 6 та бронза медалини қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА