Ўзбекистон ташаббуси асосида БМТ томонидан парламентларнинг роли кучайтирилаётгани эътироф этилди
Самарқандда ўтаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Парламентлараро иттифоқ (ПИ) Бош котиби Анда Филип билан учрашди. Унда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
А.Филип Ўзбекистоннинг ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади. Хусусан, Бухорода Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича глобал форум, Тошкентда жаҳон парламентлари аёл раҳбарларининг саммити, Самарқанд ва Бухорода Осиё хотин-қизлар форумлари ўтказилгани мамлакатимизнинг халқаро парламентлараро мулоқотдаги фаол иштирокининг муҳим натижалари сифатида қайд этилди.
2025 йил апрель ойида Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси Марказий Осиёда илк бор ўтказилгани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан парламентларнинг халқаро ва глобал жараёнлардаги ролини кучайтиришга қаратилган резолюциялар қабул қилингани мамлакатимизнинг парламент дипломатияси соҳасидаги муҳим ташаббусларидан бири сифатида эътироф этилди.

Парламентлараро иттифоқнинг янги Стратегияси доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашинувини кенгайтириш, янги қўшма ташаббус ва амалий лойиҳаларни илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Сенат Раиси жорий йилнинг октябрь ойида Танзанияда Парламентлараро иттифоқ Бош Ассамблеясини ўтказишда муваффақиятлар тилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА