Ўзбекистон сунъий интеллектда: 62-ўриндан кучли 50 талик сари
Сунъий интеллект энди алоҳида технологик йўналиш эмас. У давлат бошқаруви, иқтисодиёт, тиббиёт, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда самарадорликни оширишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёнда фақат технологиядан фойдаланувчи бўлиб қолмай, ўзининг сунъий интеллект экотизимини шакллантираётган давлатлар қаторига киришни мақсад қиляпти.
7 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга мамлакатда сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар тақдим этилди. Унда Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда икки йилда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринни эгаллагани муҳим натижа сифатида қайд этилди. Шунингдек, соҳа вакилларига 2030 йилгача дунёнинг энг илғор 50 давлати қаторига кириш вазифаси қўйилди. Бу рақамни оддий рейтинг натижаси сифатида эмас, мамлакатда сунъий интеллект учун зарур бўлган сиёсат, инфратузилма, кадрлар, маълумот ва технологик муҳит шаклланаётганининг кўрсаткичи сифатида баҳолаш мумкин.

62-ўрин – натижа, 50-ўрин янги мезондир
Гап “Oxford Insights” томонидан тайёрланадиган “Government AI Readiness Index” (Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси) ҳақида бормоқда. Индекс давлатларнинг сунъий интеллектни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ундан жамият манфаати йўлида самарали фойдаланишга тайёрлигини баҳолайди. Унда давлат бошқаруви, технология ва инфратузилма, инсон капитали ҳамда инновацион муҳит каби омиллар ҳисобга олинади. Мазкур рейтингда мамлакатимиз 2023 йилда 87-ўринда бўлган, 2024 йилда 70-ўринга, 2025 йилда эса 62-ўринга кўтарилди. Шу тариқа икки йилда 25 поғона ўсишга эришилди.
2025 йил 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши ўтказилганди. Ўша пайтда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги ва транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳа ишга туширилгани маълум қилинган. Шунингдек, Сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилингани ва Рақамли технологиялар вазирлиги тизимида соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилгани қайд этилган эди. Ўша йиғилишда сунъий интеллектни жорий этиш учун учта асосий масала – инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалигида 100 та СИ лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Вазирлик ва идоралардаги тарқоқ маълумот базаларини ягона дата-марказга ўтказиш вазифаси қўйилиб, 55 та маълумот базасини бирлаштириш биринчи босқич сифатида белгиланган. Бу вазифалар кейинчалик 2026 йилдаги инфратузилма ва амалий лойиҳаларнинг кенгайиши учун асос бўлди.
Ҳар қандай сунъий интеллект тизими ортида катта ҳисоблаш қуввати, маълумотлар базаси ва техник инфратузилма туради. 2025 йилдаёқ замонавий суперкомпьютер кластери ва дата-марказларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилган эди. 2026 йилда эса бу йўналишда амалий қадамлар кучайди. Май ойида СИ инфратузилмаси учун 24 миллион долларлик GPU-кластер ишга туширилгани, қўшимча 45 миллион долларлик ҳисоблаш ускуналарини жалб қилиш режалаштирилгани маълум қилинди. Шунингдек, тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, солиқ ва қишлоқ хўжалигига оид 130 дан ортиқ маълумотлар базасини тизимлаштириш вазифаси белгиланди.

7 августдаги тақдимотда эса “Рақамли ҳукумат” дата-марказида NVIDIA технологиялари асосидаги суперкомпьютер ишга туширилгани маълум қилинди. Бу сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш ва амалий вазифаларга татбиқ этиш учун ҳисоблаш базасини кенгайтиришга хизмат қилади, бироқ суперкомпьютернинг ўзи натижа эмас. Асосий масала унинг ёрдамида қандай муаммолар ҳал қилиниши. Бу эса сифатли маълумотлар, малакали мутахассис ва аниқ бизнес ёки ижтимоий вазифаларга мос моделларни талаб қилади.
Кадр – энг муҳим ресурс
Суперкомпьютер, дата-марказ ва маълумотлар базаси қанчалик замонавий бўлмасин, уларни бошқарадиган ва улар асосида янги маҳсулот яратадиган мутахассиссиз экотизим тўлиқ ишламайди. 2025 йилда Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлашни мактабдан бошлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани дастурларига СИ мавзуларини киритиш, Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дарслик ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Олийгоҳларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш, “Янги Ўзбекистон” университетида сунъий интеллект кластери ишга тушириш ва тегишли йўналишларда давлат грантлари квоталарини ошириш чоралари ҳам назарда тутилган.
Бугунга келиб мазкур чоралар натижасини кўрсата бошлади. Хусусан, 2026 йил 7 августдаги тақдимотда 1,5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи сунъий интеллект бўйича махсус сертификат олгани маълум қилинди. Келгуси икки йилда “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш вазифаси белгиланди. Бу жамиятнинг асосий соҳалари: ўқитувчи, шифокор, муҳандис, иқтисодчи, давлат хизматчиси ва бошқа касб эгаларида ҳам сунъий интеллектдан фойдаланиш кўникмасини шакллантиришни назарда тутади.

Бу борада Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси раиси Владимир Норовнинг фикрлари эътиборга молик. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект соҳасида Ўзбекистоннинг келажаги, аввало, кадрлар салоҳиятига боғлиқ. 2026 йил 16 июнь куни Жаҳон банкининг Тошкентда Ўзбекистоннинг СИ йўл харитасига бағишланган муҳокамасида Норов сунъий интеллектдан фойдаланувчиларни тайёрлаш билан чекланиб қолмасдан, билимни жамиятга тарқата оладиган янги авлод СИ менторлари, ўқитувчилари ва салоҳиятни ривожлантирувчи мутахассисларни шакллантириш зарурлигини таъкидлаган.
Норовнинг фикрича, кейинги 3-5 йиллик даврда Ўзбекистон учун асосий вазифа сунъий интеллект бўйича стратегик мақсадларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантиришдан иборат. Бунинг учун маълумот, ҳисоблаш инфратузилмаси, кўникма, бошқарув, молиялаштириш ва тармоқларда СИ жорий этиш масалалари ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантирилиши керак. У, шунингдек, мамлакат ўзининг СИ ечимларини яратишга интилиши ва фақат тайёр технологияларни харид қилувчи бозор бўлиб қолмаслиги муҳимлигини қайд этади.
Мутахассиснинг яна бир муҳим хулосаси СИ келажаги фақат моделлар ёки техник воситаларга эмас, инсон капиталига боғлиқ. Норовнинг таъкидлашича, фақат сунъий интеллект фойдаланувчиларини тайёрлашнинг ўзи етарли эмас; жамиятда билимни бошқаларга етказа оладиган СИ устозлари, ўқитувчилари ва мутахассислар қатламини шакллантириш зарур. Бу Ўзбекистонда кадрлар тайёрлашни мактаб, олий таълим ва касбий қайта тайёрлаш тизими билан боғлаш вазифасининг аҳамиятини янада оширади.
Шу нуқтаи назардан, 2030 йилгача бўлган вазифаларни шартли равишда уч босқичга ажратиш мумкин.
Биринчиси – пойдевор. Ҳисоблаш инфратузилмаси, дата-марказлар, маълумотлар базаси, ҳуқуқий база ва кадрлар.
Иккинчиси – жорий этиш. Сунъий интеллектни давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларига кенг татбиқ этиш, бизнес ва стартаплар учун шароит яратиш.
Учинчиси – қиймат яратиш. Ўзбекистонда ишлаб чиқилган СИ маҳсулот ва хизматларини ички бозордан ташқарига олиб чиқиш, экспортни ошириш ва 1,5 миллиард долларлик сегментни шакллантириш.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА