Ўзбекистон – Сингапур: тиббий маҳсулотлар хавфсизлиги ва регулятор ҳамкорлик янги босқичда
Мамлакатимизда фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, илғор хорижий тажрибаларни ўзлаштириш ҳамда назорат ва регулятор механизмларини янада такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айни шу мақсадда Ўзбекистон делегациясининг Сингапур ва Малайзияга амалий ташрифи уюштирилиб, соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим музокаралар ўтказилди.
Сингапурнинг «Singapore EXPO» мажмуасида Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари Шоядбек Васиев бошчилигидаги делегация Сингапур Соғлиқни сақлаш фанлари бошқармаси — HSA («Health Sciences Authority») вакиллари билан учрашди.
Марказ матубот хизмати хабарида қайд этилишича, мулоқот давомида икки ташкилот ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасидаги ҳамкорликни амалий босқичда кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Хусусан, қўшма «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, илғор регулятор тажрибасини ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари ва халқаро стандартларни миллий регулятор амалиётига жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда лабораториялар фаолияти бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди. Музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири — регулятор маълумотлари алмашинуви ва лабораториялараро қиёсий синовларни ривожлантириш масаласи бўлди. Шунингдек, илғор регулятор органлар томонидан ўтказилган баҳолаш натижалари ва қабул қилинган қарорлардан фойдаланиш имконини берувчи «reliance» механизмларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Бу борада Сингапурнинг HSA томонидан шакллантирилган регулятор амалиёти, унинг халқаро стандартлар билан уйғунлашган ёндашувлари ва юқори регулятор салоҳиятини ўрганиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида Малайзия регулятор вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда тиббий маҳсулотларни тартибга солиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалий алоқаларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Сингапур ва Малайзия вакиллари билан ўтказилган учрашувлар Ўзбекистоннинг тиббий маҳсулотлар хавфсизлиги соҳасидаги халқаро регулятор ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ҳамда илғор халқаро амалиётларни жорий этиш учун янги имкониятларни белгилаб берди.
Мазкур халқаро мулоқотлар ва эришилган келишувлар юртимизда аҳолига хавфсиз, сифатли ва юқори самарали фармацевтика маҳсулотларини етказиб бериш тизимини жаҳон андозалари асосида янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш тизимининг экспорт ва инвестициявий салоҳиятини ошириш ҳамда фуқаролар саломатлигини ишончли ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА