Ўзбекистон – ШҲТ: муҳим ташаббуслар майдони
Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланиб, унга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километрдан ошади. Бу Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғи, дегани. ШҲТ мамлакатларининг умумий аҳолиси 3,2 миллиард кишини ташкил этиб, бу – дунё аҳолисининг қарийб ярмидир.
Ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиётининг умумий ҳажми қарийб 20 триллион АҚШ долларини ташкил этиб, бу ташкилот тузилган пайтдагидан 13 баробарга кўпдир. Асосийси, бугунги кунда ШҲТ аъзоларининг умумий ялпи ички маҳсулоти умумжаҳон кўрсаткичларининг қарийб ¼ қисмига етди.
Мамлакатимиз тараққиётида ШҲТнинг ўрни ва салоҳияти жуда катта бўлиб, бу ташкилотга аъзо давлатлар тенг ҳуқуққа эга ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик пойдевори устига қурилган бўлиб, ундан аъзо давлатларнинг ҳар бири манфаатдордир.
Ташкилот ҳозирда нафақат хавфсизлик, балки ижтимоий-иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт-коммуникация, сармоя ва гуманитар масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Булар ташкилотнинг очиқлиги, барча манфаатдор давлатлар ва халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр эканидан далолат беради.
Эътиборлиси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нуфузли халқаро ташкилотлар орасида тобора муносиб ўрин эгаллаб, минтақавий ва глобал миқёсда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишнинг таъсирчан омили бўлиб хизмат қилмоқда. Агар ШҲТни бошқа минтақавий ва трансминтақавий халқаро ташкилотлар билан солиштирадиган бўлсак, у нақадар катта куч ва салоҳиятга эга эканини кўрамиз. ШҲТга аъзо давлатларнинг иккитаси, яъни Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳисобланади.
2021-2022 йилларда ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтиши кейинги 6 йилда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган жадал ва очиқ ташқи сиёсатимиз маҳсули, мантиқий давоми бўлди, десак айни ҳақиқат. Боиси, ўз тараққиётининг янги тарихий босқичида турган ШҲТ учун катта истиқболга эга бу йўналишлар Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топди. Кейинги йилларда Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланаётир.
Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири эса ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Чунки давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутиляпти. Шунингдек, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлари аъзолигини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши, ШҲТ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бугун матбуотда чоп этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласини диққат билан ўқиб, ҳамкорлик алоқалари янада кенгайишига амин бўлдим. Ушбу кенг қамровли мақолада Ташкилотга раислик бизга улар билан кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар бергани қайд этилган.
Президентимиз таъбири билан айтганда, савдо-иқтисодий ва ишлаб чиқариш алоқаларининг жиддий узилишига олиб келган уч йиллик пандемия танаффусидан сўнг ШҲТ мамлакатлари ва халқларига тўғридан-тўғри мулоқот зарур. Бу борада Самарқанд шаҳри жаҳоннинг ўн тўртта мамлакати етакчиларини Ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр.
Ушбу афсонавий шаҳар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очиши шубҳасиз. Сабаби кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган.
Саммитни Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида ҳам рамзий маъно бор. Зеро, Президентимиз айтганидек, “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради.
Умуман олганда, ўтган давр мобайнида ШҲТ маслаҳат механизми форматидан кенг қамровли давлатлараро бирлашмагача бўлган даражага юксалди. Шу нуқтаи назардан, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз, деб баралла айта оламиз.
Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА