Ўзбекистон шахмат федерацияси FIDE томонидан «Энг яхши федерация» деб эътироф этилди
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз ҳар бир чемпион ортида унинг ота-онаси, биринчи устози, мураббийлари ва қўллаб-қувватлаган бутун бир жамоа туришини таъкидлади. Шу боис, мазкур ғалаба уларнинг ҳам меҳнати самарасидир.
Давлатимиз раҳбари Рустам Қосимжоновга алоҳида мурожаат қилди. Унинг жаҳон чемпионлиги ўзбек шахматида янги даврни бошлаб бергани, бугун эса орттирган тажрибаси янги авлодга ўтаётгани қайд этилди.
– Устознинг энг катта ғалабаси – шогирдларининг ундан ҳам баланд марраларга чиқишидир! – деди Президентимиз ҳамда бугун ўзбек шахматида ана шундай авлодлар давомийлиги яққол кўринаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон шахмат федерацияси FIDE томонидан «Энг яхши федерация» деб эътироф этилди. Рустам Қосимжонов FIDEнинг фахрий вице-президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова эса Марказий Осиё бўйича минтақавий президенти этиб сайланди.
Давлатимиз раҳбари бу эътирофларни Ўзбекистоннинг шахмат мамлакати сифатида жаҳондаги нуфузи юксалаётганининг яна бир далили сифатида баҳолади.
ЎзА