Ўзбекистон санъати Словения ва Хорватия саҳналарида эътироф этилди
Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилояти бўлинмасининг “Бухорча” ашула ва рақс ансамбли Словения ҳамда Хорватия республикаларида ўтказилган нуфузли халқаро фольклор фестиваллари ва маданий тадбирларда муваффақиятли иштирок этиб, миллий санъатимиз ва маданиятимизни халқаро майдонда муносиб намойиш қилди.
Гастрол дастурининг илк манзили Словениянинг Метлика шаҳри бўлди. Бу ерда маҳаллий аҳоли учун ташкил этилган концертда Тошкент, Фарғона, Хоразм ва Бухоро воҳаларига хос миллий куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар ҳамда халқ оғзаки ижоди намуналари ижро этилди.
Шундан сўнг жамоа Марибор шаҳрида ўтказилган 38-халқаро CIOFF FolkArt фольклор фестивали доирасида қатнашди. Фестиваль давомида шаҳар маркази ва сайёҳлар гавжум ҳудудларида кўча томошалари ташкил этилди. Ўзбекистонлик санъаткорлар Боливия ижодий жамоалари билан биргаликда миллий қўшиқ ва рақс дастурларини тақдим этиб, фестиваль меҳмонлари ҳамда маҳаллий аҳолининг илиқ олқишига сазовор бўлди. Айниқса, ўзбек миллий рақслари, миллий либослар ва халқ чолғу асбоблари хорижлик томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль доирасида Марибор шаҳри бўйлаб оқиб ўтувчи Драва дарёси соҳилида иштирокчи давлатлар санъаткорларининг анъанавий тантанали юриши ҳам бўлиб ўтди. Унда Боливия, Шимолий Македония, Польша, Пуэрто-Рико, Ўзбекистон, Сербия ва Словения вакиллари ўз мамлакатларининг миллий маданиятини намойиш этди.
Шунингдек, Марибор шаҳри мэри Саша Арсенович билан расмий учрашув ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Концерт-томоша фаолиятини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Баҳром Усмонов, Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилояти бўлинмаси директори Рауф Авезов бошчилигидаги делегация ҳамда хорижий давлатлар вакиллари маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро фестиваллар доирасидаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Мурска Собота шаҳрида эса Ўзбекистон ва Боливия ижодий жамоалари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Икки давлат санъаткорлари миллий мусиқа ва рақс санъати намуналарини намойиш этиб, томошабинларга унутилмас таассурот қолдирди.
38-халқаро CIOFF FolkArt фестивалининг якуний гала-концерти Марибор шаҳридаги Леон Штукель майдонида ўтказилди. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган 200 нафардан ортиқ санъаткор иштирок этган ушбу концертда Ўзбекистон вакиллари Осиё қитъаси номидан муносиб иштирок этиб, миллий қўшиқ ва рақслари билан томошабинлар эътирофи ва олқишига сазовор бўлди.
Гастрол сафари Хорватияда ҳам давом этди. “Бухорча” ашула ва рақс ансамбли Карловац шаҳрида ўтказилган XXVII International Folk Festival доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этди. Фестиваль дастурига мувофиқ, шаҳар марказий кўчалари ва сайилгоҳларида ташкил этилган кўча чиқишларида ансамбль аъзолари ўзбек миллий қўшиқ ва рақслари, нафис миллий либослари ҳамда халқ чолғу асбоблари жўрлигидаги ижролари билан маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонларга миллий санъатимизнинг бой анъаналари ва бетакрор жозибасини намойиш этди.
Мазкур халқаро фестивалда Ўзбекистон билан бир қаторда Мадагаскар, Пуэрто-Рико, Филиппин ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган фольклор ҳамда бадиий жамоалар ҳам иштирок этиб, ўз халқларининг бой маданий мероси ва миллий анъаналарини намойиш этди.
Беш кун давом этган нуфузли халқаро фестиваль маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, халқларнинг номоддий маданий меросини тарғиб қилиш ва ижодий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айланди. Ўзбекистон санъаткорларининг ушбу тадбирлардаги муваффақиятли иштироки миллий маданиятимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтириш ва ўзбек санъатини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга муносиб ҳисса бўлди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА