Ўзбекистон–Россия: минтақада муқобили йўқ
“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги Сазағон массивида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Шёлково Агрохим – Ўзбекистон” Россия хорижий корхонасининг ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситалари ишлаб чиқариш заводи самарали фаолият кўрсатмоқда.
Хорижий корхона Россия Федерациясининг Москва вилоятида жойлашган “Шёлково Агрохим” акциядорлик жамияти таъсисчилигида 2017 йилда ташкил этилган. Завод қурилиши эса 2018 йилда бошланиб, ўтган йил тўртинчи чоракда ўз фаолиятини бошлаган.

– Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 31 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлиб, замонавий технологиялар асосида ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқаршга қаратилган, – дейди “Шёлково Агрохим – Ўзбекистон” Россия хорижий корхонаси бош директори вазифасини бажарувчи Шерзод Абдуаҳатов. – Завод қурилиши учун Самарқанд вилояти Нуробод тумани Сазағон массивининг чўл ва тоғолди ҳудудидан 5,3 гектар ер майдони ажратилганди. Бу ерда заводнинг барча маъмурий ва ишлаб чиқариш цехи бинолари, тоза ичимлик суви иншооти ва бошқа ёрдамчи бинолар қурилди. Айни пайтда заводда тамоман янги компонентларга эга бўлган, ўзгача шакл ва кўринишдаги, Ўзбекистон Республикаси Давлат кимё комиссияси томонидан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларига қўллаш учун рухсат этилган 50 га яқин ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаси ишлаб чиқарилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлашим керак, ҳалига қадар бундай инновацион маҳсулотларнинг муқобили Ўзбекистон ва яқин хорижий мамлакатларда мавжуд эмас эди. Корхона юртимиз қишлоқ хўжалигида ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларига бўлган эҳтиёжни тўла қондириш имкониятига эга. Аммо ҳозирча кластер ва фермерлар, қишлоқ хўжалик корхоналари билан шартнома асосида 20 фоизгача эҳтиёж бизнинг маҳсулотларимиз эвазига қопланмоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида 8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилди. Маҳсулотларни нафақат ички бозорда сотиш, балки қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилиш кўзда тутилган.

Корхонада келгусида маҳсулот турлари ва салмоғини янада ошириш, 2025 йилдан бошлаб эса 10 турдаги кимёвий ўғит ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ўғитлар ўсимликларнинг баргидан озиқлантиришга мўлжалланган бўлиб, экиннинг турли касалликларга чалиниши, ҳашорат ва зараркунандалар тарқалишининг олдини ҳам олади.
Завод қошида энг замонавий нанотехнологиялар билан жиҳозланган лаборатория ташкил этилган. Бу ерда вилоятдаги олий ўқув юртларининг ўсимликлар ҳимояси, агротехнологиялари ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналиши бўйича таҳсил олаётган юқори босқич талабалари, аспирантлар, тадқиқотчилар ва докторантлар тажриба-синов, илмий изланишлар олиб бориши учун шароит яратилган. Онлайн тартибда “Шёлково Агрохим” акциядорлик жамияти илмий марказининг ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи етакчи олимлари билан амалий мулоқотлар уюштирилади.

Яқин орада завод қошида ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларини қадоқлаш идишлари ишлаб чиқарадиган корхона ҳамда ёрлиқлар тайёрлаш цехлари ташкил этилади. Айпи пайтда бу маҳсулотлар бошқа корхоналардан олинмоқда.
Заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари энг сўнгги русумдаги автоматик ускуна ва технологияларга асосланган. Уларни 100 нафарга яқин маҳаллий мутахассислар бошқармоқда. Эътиборлиси, завод ишга тушиши билан Нуробод туманининг Тепақул ва Сазағон маҳалласининг кўплаб фуқаролари доимий иш билан таъминланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири