Ўзбекистон қутқарув хизматлари Беларусда тажриба алмашди
Ўзбекистон аэропортларининг парвозларни ёнғинга қарши ва авария-қутқарув таъминоти хизматлари мутахассислари Беларусь Республикасида касбий малакасини ошириб қайтди.
Мазкур ўқув жараёнлари Беларусь Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси университети ҳузуридаги қутқарувчи-ёнғин ўчирувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш халқаро ўқув марказида ташкил этилди.

Таълим дастури Давлатлараро авиация қўмитаси томонидан сертификатланган юқори малакали ўқитувчилар иштирокида олиб борилди. Машғулотлар “Парвозларни қидирув, авария-қутқарув таъминоти. Парвозлар ва аэропорт объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш” мавзусини қамраб олди.

Ўқув машғулотлари давомида мутахассислар парвозларда қидирув ва авария-қутқарув ишларини ташкил этишнинг замонавий ёндашувлари, аэродромлар ҳамда аэропорт инфратузилмаси объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича долзарб масалаларни ўрганди. Шунингдек, фуқаро авиациясида фавқулодда вазиятларга тезкор ва самарали жавоб қайтаришнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди.

Курс якунида иштирокчилар якуний аттестациядан муваффақиятли ўтиб, ўз касбий тайёргарлигини тасдиқловчи халқаро намунадаги сертификатларни қўлга киритди.

Шунингдек, “Uzbekistan Airports” компанияси вакиллари Минск миллий аэропортининг парвозларни қидирув ва авария-қутқарув таъминоти хизмати фаолияти билан танишиб чиқди. Ташриф давомида улар авария-қутқарув ишларини ташкил этиш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий тажрибаларни ўрганиш имкониятига эга бўлди.
Мазкур ҳамкорлик авиация соҳасида хавфсизликни янада ошириш, замонавий стандартларни жорий этиш ҳамда мутахассислар малакасини мунтазам равишда юксалтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА