Ўзбекистон - Қозоғистон: ҳамкорликнинг янги босқичи муҳокама марказида
Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг янги динамикаси: Бухоро саммитидан сўнг қандай истиқбол кутиляпти?” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбати ушбу қардош давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.
Анжуманда икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатининг бугунги ҳолати ва истиқболи, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Жавлон Ваҳобов, МОХИ директори:

– 2025 йил Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари ўзаро 20 дан ортиқ мулоқот ўтказди. Бу ўртача ҳар ойда икки мартадан кўп, дегани. Бундай мунтазамлик мавжуд ишончни янада мустаҳкамлайди, қарор қабул қилиш харажатини камайтиради. Нафақат икки томонлама, балки кенг кўламли минтақавий ҳамкорликнинг амалий кун тартибини шакллантиради.
Бугун Ўзбекистон – Қозоғистон шериклиги Марказий Осиё барқарорлиги ва тараққиётининг асосий устунига айланмоқда.
Бейбут Атамқулов, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатини янада кенгайтиришимиз керак. Бу жараёнда асосий эътибор савдо, энергетика, инвестиция ва маданий-гуманитар ҳамкорликка қаратилиши лозим. Айниқса, транспорт боғлиқлигини кучайтириш муҳим. 2025 йил темир йўл орқали ташув миқдори 32 миллион тоннадан ошди ва 16 фоиз ўсди.
Туризм соҳасида ҳам сезиларли олдинга силжиш кузатилмоқда: бир йил ичида Ўзбекистонга Қозоғистондан 2,5 миллионга яқин фуқаро ташриф буюрди, Ўзбекистондан Қозоғистонга 1,3 миллиондан кўп сафар амалга оширилди.
Жандос Шаймарданов, Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори:

– 2025 йил Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо қиймати 4,8 миллиард долларга етиб, 16,2 фоиз ўсиш намоён этди. Қўшма корхоналар сони 1,1 мингдан ошди. Инвестиция тўплами эса 52 лойиҳани қамраб олиб, жами 3,8 миллиард долларни ташкил этди.
Бу рақамлар муносабатимиз декларатив эмас, балки амалий мазмун билан тўлаётганини кўрсатади.
Бекзод Холматов, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги марказ директори:

– 2026 йил биринчи чоракда ўзаро 7,7 миллион тонна юк ташилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоиз кўп. Тариф сиёсати доирасида 65 фоизгача чегирма жорий этилди, Оқтов порти орқали экспорт сезиларли даражада ўсди.
Авиация соҳасида рейслар икки баробар кўпайтирилиб, ҳафтасига 40 тага етказилди. Йўловчилар сони эса 117 фоиз ўсиб, 633 000 дан ошди.
Марина Кузнечевская, “Women in Logistics and Transport” ташкилоти вице-президенти:

– Чегарадаги тартиб-таомилни соддалаштириш ва инфратузилмани модернизация қилиш натижасида юк ҳаракати тезлашмоқда. 2025 йил модернизация қилинган “Қоплонбек – Навоий” пункти ўтказувчанлиги анча кенгайди.
2026 йил “Жибек жоли” ва “Ғишт кўприк” каби йирик чегара масканлари ишга туширилиши режалаштирилган. Шу тариқа савдо ҳажмини янада ошириш кўзда тутилган.
Дилором Файзиева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Парламентлараро мулоқот икки давлат муносабатини мустаҳкамлашнинг муҳим механизми ҳисобланади. Айни формат доирасида барча соҳаларга дахлдор масалалар муҳокама қилинади. Бу жараён халқаро майдондаги ёндашувларимизни мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда.
Дария Кожамжарова, академик:

– Илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик барқарор шерикликка тизимли асос яратади. 2024 йил Олмаотада “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, Чирчиқда эса Жанубий Қозоғистон университети филиаллари очилди. Бинобарин, инсон капиталига сармоя иқтисодий интеграциянинг асосий омилидир.
Валерий Ситенко, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар институти катта эксперти:

– “Марказий Осиё+” формати мамлакатларимизга мувофиқлаштирилган қарашларни ҳимоя қилиш имконини беради. Бугунги мураккаб халқаро шароитда барқарор ҳудуд сифатида эътибор тортаётгани минтақамизнинг стратегик аҳамиятини оширмоқда.
Рустам Бурнашев, профессор:

– Иттифоқчилик муносабати Марказий Осиё давлатларини мустақил субъектлар сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Ташқи сиёсатда мустақил қарор қабул қилиш имконияти кенгаймоқда. Натижада савдо, инвестиция ва технология ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар очиляпти.
Дилшод Ҳакимов тайёрлади.
ЎзА