Ўзбекистон – Қирғизистон: ишонч, ҳамкорлик ва тараққиётнинг янги босқичи
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар нафақат икки томонлама манфаатлар, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши нуқтаи назаридан ҳам муҳим омил сифатида баҳоланмоқда. Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари, чегара масалаларининг изчил ҳал этилиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, транспорт ва энергетика соҳасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг фаоллашуви икки ўлка ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев фикрича, муносабатлардаги энг муҳим бурилиш нуқтаси 2016 йилдан кейинги ташқи сиёсатда кузатилди. Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ишончли муносабатларни ташқи сиёсатнинг устувор йўналишига айлантирди. Шу орқали йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларни музокаралар орқали ҳал қилиш амалиёти шаклланди. Натижада икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам мулоқот давлатлараро муносабатларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди.

Энг катта ютуқ шубҳасиз, чегара масаласининг ҳал этилганидир. Ўнлаб йиллар давомида сиёсий ва ижтимоий таранглик манбаи бўлиб келган муаммо бартараф этилди. Бу эса муносабатларни "низоларни бошқариш" моделидан "биргаликда ривожланиш" моделига ўтказди. Энди икки мамлакат эътибори баҳсли ҳудудларга эмас, қўшма иқтисодий лойиҳалар ва инфратузилмани ривожлантиришга қаратилмоқда.
Бугунги ҳамкорликнинг энг муҳим хусусияти — унинг институционал асосларга қурилаётганидир. Давлат раҳбарлари учрашувлари билан бир қаторда ҳукуматлараро комиссиялар, парламентлараро мулоқот, экспертлар платформалари ва соҳавий ишчи гуруҳлар тизимли ишламоқда. Бу эса муносабатларни фақат сиёсий иродага эмас, балки барқарор механизмларга ҳам таянтирмоқда.
Стратегик шериклик эса энди расмий баёнотлар билан чекланмайди. Уни амалий мазмун билан тўлдираётган омиллар – “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши, саноат кооперацияси ҳамда Ўзбек–қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятидир. Бу ташаббуслар мамлакатларимиз иқтисодиётини янада чамбарчас боғлаб, ҳамкорликни узоқ муддатли манфаатларга асосланган тизимга айлантирмоқда.
Айниқса, транспорт ва энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг аҳамияти катта. Темир йўл қурилиши Марказий Осиёни халқаро логистика занжирларига янада яқинлаштирса, Қамбарота ГЭС-1 минтақанинг энергетик хавфсизлиги ва "яшил" иқтисодиётга ўтиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. Бу лойиҳалар нафақат иқтисодий даромад келтиради, балки давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлайди.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари оддий қўшничиликдан анча юқори даражага кўтарилганини кўриш мумкин. Ҳозирги босқичда асосий вазифа мавжуд сиёсий ишончни иқтисодий натижаларга айлантиришдан иборат. Бу эса нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун муҳим омилга айланиши мумкин.
Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларининг энг муҳим натижаларидан бири иқтисодий соҳада яққол кўзга ташланмоқда. Агар 2016 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 200 миллион доллардан ҳам кам бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 846,4 миллион долларга етди. 2025 йил якунига келиб эса ўзаро савдо ҳажми илк бор 1 миллиард долларлик чегарадан ошиб, бир йилнинг ўзида қарийб 19 фоизга ўсди. Бу рақамлар тасодифий эмас — улар икки ўлка иқтисодиётининг ўзаро боғлиқлиги тобора кучайиб бораётганини англатади.
Бу ўсиш фақат экспорт ва импорт ҳажмининг ортиши билан чекланмайди. Муҳими, ҳамкорлик мазмун жиҳатидан ҳам ўзгармоқда. Илгари асосан тайёр маҳсулотлар ва хомашё айирбошланган бўлса, бугун қўшма ишлаб чиқариш, саноат кооперацияси ва инвестиция лойиҳалари кун тартибининг марказига чиқди. Демак, муносабатлар савдо ҳамкорлигидан иқтисодий интеграцияга қараб ҳаракатланмоқда.
Шу жараёнда Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши ва 2024-2030 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар режаси муҳим мувофиқлаштирувчи механизм вазифасини бажармоқда. Бу платформалар орқали нафақат мавжуд тўсиқлар муҳокама қилинади, балки янги инвестиция ва саноат лойиҳалари учун ҳуқуқий ҳамда ташкилий асослар ҳам яратилади.

Иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг келажакка қаратилган мақсадларидир. Томонлар 2030 йилга қадар товар айланмасини 2 миллиард долларга етказиш вазифасини белгилаган. Бу мақсадга эришиш учун чегара ва божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш, тарифсиз тўсиқларни қисқартириш, юк ташишни соддалаштириш ҳамда чегарабўйи индустриал ва логистика ҳудудларини ривожлантириш режалаштирилган.
Иқтисодий шерикликнинг келажагини фақат товар айланмаси билан ўлчаш тўғри бўлмайди. Асосий савол шундаки, икки давлат қўшма қиймат занжирини ярата оладими? Агар автомобилсозлик, тўқимачилик, агросаноат, логистика ва энергетика каби соҳаларда ишлаб чиқариш кооперацияси кенгайса, бу нафақат экспорт ҳажмини оширади, балки бутун минтақанинг рақобатбардошлигини кучайтиради. Шу маънода Ўзбекистон-Қирғизистон иқтисодий шериклиги икки мамлакат эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг интеграция моделига айланиш салоҳиятига эга.
Мусулмон Зиё, ЎзА