Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари учун азал-азалдан дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик руҳи устувор бўлиб келган. Кейинги йилларда икки давлат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик тобора кенгаймоқда.
Айниқса, ёшлар мулоқоти, адабий-бадиий алоқалар, экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар икки халқ узвий яқинлиги учун янги имкониятлар очмоқда.

Муштарак алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Қирғиз Республикаси Ўш шаҳрида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан Ўш давлат технология университети ҳамда Б.Сидиқов номли Қирғизистон – Ўзбекистон халқаро университети кўмагида икки давлат ёшларини бир мақсад – дўстлик, умумий қадрият ва барқарор келажак атрофида бирлаштиришга қаратилгани “Ўзбекистон ва Қирғизистон ёшлари – яхши қўшничилик давомчилари” мавзусида трансчегаравий мулоқот платформаси лойиҳаси амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида қатор тадбирлар, жумладан “Қардош дўстим”га номли китоб акцияси, “Ўзбекистон ва Қирғизистон қардошлиги: икки халқ ёшлари учрашуви” мавзусида давра суҳбати, “Театр – халқ маърифати кафедраси” лойиҳаси доирасида ёш ижодкорлар иштирокида саҳна асарлари намойиши “Икки халқ бисотидан” номли ўзбек ва қирғиз миллий куй-қўшиқларидан иборат концерт дастури бўлиб ўтди.

Дастлаб иштирокчилар Марказ вакиллари ва юртимиздаги олий таълим муассасалари, хусусан Халқаро исломшунослик академияси, Давлат санъат ва маданият институти, Менежмент ва иқтисодиёт институти, Юнус Ражабий номли Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Наманган давлат университети ҳамда Андижон давлат университети ўқитувчи, талабалари Б.Сидиқов номли Қирғизистон – Ўзбекистон халқаро университетига ташриф буюрди.

Вакилларимиз ушбу олий ўқув юрти фаолияти, дарс жараёни, илмий-тадқиқот йўналиши ҳамда талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Университет раҳбарияти меҳмонларга таълим муассасасининг тарихий шаклланиш жараёни, турли факультетлар фаолияти, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида таълим, маданият ва ёшлар дипломатияси соҳаларида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган “ШҲТ хонаси”нинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Қозоғистон, Россия Федерацияси ва Ўзбекистоннинг ушбу қардош мамлакатдаги дипломатлари, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек икки давлат олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари айни маскан ёшлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаши, маданий яқинлашув ва таълим алмашинувига муносиб ҳисса қўшишини алоҳида қайд этди.

Марказ директори Қобилжон Собиров ўз таассуротини шундай изҳор қилди:
– Қирғизистонга кириб келган илк дақиқаларимизданоқ ўзимизни уйимиздагидек ҳис қилдик. Бу туйғу узвий яқинлигимиз, ўзаро ишонч ва умумий қадриятларимизнинг ҳаётий ифодасидир. Бугунги ҳамкорлик – ёшларимизни янада жипслаштириб, уларни узвий мулоқотга чорлайди, янги ғоя ва жараёнлар учун имконият очади. Шу билан бирга ўғил-қизларимизни бағрикенглик, ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашга кўмаклашади.

Университет ректори профессор Абдилбайт Мамасидиқов:
– ШҲТ шунчаки сиёсий тузилма эмас, балки тинчлик, ишонч ва мулоқот макони. Бугун университетимизда икки қардош халқ дўстлиги макони янада кенгайгани рамзи сифатида “ШҲТ хонаси” очилиши биз учун улкан шараф ва масъулият. Бугун ёшлар диққатимиз марказида, чунки келажак уларнинг қўлида.

Тадбир иштирокчилари шерикликни янада чуқурлаштириш, таълим ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма илмий ва ижтимоий лойиҳалар амалга ошириш учун янги имкониятлар очишга қаратилган таклифларни илгари сурдилар. Хусусан, қўшма тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, талабалар учун ШҲТ мамлакатлари ўртасида академик алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш, ёшлар форумлари ва махсус тренинглар ўтказиш таклифини киритдилар.
Кун адоғида Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Б.Сидиқов номли Қирғизистон – Ўзбекистон халқаро университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ШҲТ Ёшлар мулоқоти ва тажриба алмашиш маркази очилиши мавжуд маданий-гуманитар ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ёшлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва икки давлат стратегик шериклигини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамдир.
Шу билан бирга ушбу лойиҳа Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва биродарлик тамойилини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳакорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА