Ўзбекистон – Қатар: Медиа соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда
Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Мамлакатимиз элчиси Ашраф Ходжаев Қатар ва Яқин Шарқдаги етакчи оммавий ахборот воситаларидан бири бўлмиш “The Peninsula” нашри бош муҳаррири доктор Холид Муборак Аш-Шафий билан учрашди.
Суҳбат давомида жамоатчиликни Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, сармоявий имконияти, бой маданий ва тарихий мероси ҳақидаги маълумотлардан хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Томонлар медиа соҳасидаги ҳамкорликка оид ижодкорларнинг ўзаро ташрифи, тажриба алмашиши каби масалаларни муҳокама қилдилар.
Инглиз тилида чиқадиган, 1996 йил ташкил этилган “The Peninsula” асосий эътиборни бутун дунё янгиликларидан ўқувчиларини тезкор равишда хабардор қилишга қаратади. Йилига 10 миллиондан зиёд фойдаланувчи кирадиган нашр сайти бир неча йилдан буён юқори рейтинг кўрсаткичини сақлаб қолмоқда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА