Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкек шаҳрига амалий ташрифи якунланди.
Мамлакатимиз етакчиси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этгани ташрифнинг асосий воқеаси бўлди. Унда ШҲТнинг 25 йиллик тараққиёт йўли сарҳисоб қилиниб, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди.

Президентимиз саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт алоқалари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш, озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Йиғилиш якунлари бўйича Бишкек декларацияси ҳамда асосий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси БМТнинг адолатли кўп қутбли дунё тартиботини шакллантиришдаги ролига бағишланган “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда нутқ сўзлади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлаб, “ШҲТ плюс”ни минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантиришни таклиф қилди.
Саммит доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан музокаралар бўлиб ўтди. Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашувлар ўтказилди.

Бишкекда давлатимиз раҳбари рафиқаси билан бирга VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Тадбирлар якунлангач, “Манас” халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти ва рафиқасини Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрига қайтиб келди.