Ўзбекистон Президентининг Беларусга расмий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга расмий ташрифи якунланди. Пойтахт аэропортида олий мартабали меҳмонни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко кузатиб қўйди.
Минск шаҳрида давлат раҳбарларининг тор доирадаги ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Етакчилар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар. Кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги интилиш қатъий экани тасдиқланди, устувор йўналишлардаги янги лойиҳавий ташаббуслар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида Президентлар Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Улар ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнотларда ушбу расмий ташриф Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ривожида тарихий воқеа, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги босқичнинг бошланиши экани мамнуният билан қайд этилди.
Расмий ташриф тадбирлари якунлангач, Президентимиз Тошкент шаҳрига жўнаб кетди.