Ўзбекистон Президенти Қирғизистон Президентига мактуб йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан Президент Садир Жапаров ва қардош қирғиз халқини чин дилдан самимий муборакбод этди.
Давлатимиз раҳбарининг мактубида ушбу тарихий ютуқ нафақат Қирғиз Республикаси, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун катта аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу воқеа Қирғизистоннинг халқаро майдонда тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори ва нуфузининг амалий тасдиғи сифатида баҳоланди.
Шунингдек, Президент Садир Жапаров томонидан олиб борилаётган яхши қўшничилик, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тизимли ва оқилона сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани таъкидланган.
Ўзбекистон кўп асрлардан буён тарихи, тили, дини, маданияти ва урф-одатлари муштарак бўлган, сўнгги йилларда стратегик шериклик муносабатлари тобора чуқурлашиб бораётган қардош Қирғизистон номзодини ушбу муҳим жараёнда фаол қўллаб-қувватлагани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бундай ёндашув бундан буён ҳам изчил давом эттирилишини билдирди.
Қирғиз Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидаги фаолияти Марказий Осиё давлатларининг умумий манфаатларини илгари суриш, халқаро майдонда тинчлик-тотувлик, барқарорлик ва хавфсизликни ҳар томонлама таъминлаш, минтақанинг жаҳон майдонидаги мавқейини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.