Ўзбекистон–Покистон: ҳамкорликда ўзаро манфаатли жиҳатлар кўп
Ўзбекистон ва Покистон алоқалари жуда чуқур ва тарихий илдизларга эга. Биз – ҳозирги авлод вакиллари аждодлардан қолган ишонч асосида дўстлик ришталарини давом эттирмоқдамиз.
Покистон ва Ўзбекистон халқлари алоқаларига уч жиҳатдан қарашимиз мумкин. Биринчиси, тарихий-географик жиҳатдан боғлиқликда, иккинчиси, Беруний, Муҳаммад Хоразмий каби қомусий олимлар ва улардан мерос қолган билимларда, учинчиси эса диний-маърифий жиҳатдан алоқадорликда кўринади. Бундан ташқари, ўзбек ва урду тилларида тахминан 3 мингдан ортиқ умумий сўзимиз бор. Шунингдек, маданият ва қадриятларимизда ҳам умумийлик кўп.
Очиғини айтганда, Ўзбекистонга келганимдан сўнг мамлакатларимизнинг бир илдизда ривожланиб бораётгани ва бир-бири билан боғлиқ жиҳатларини яққол кўрдим. Бизнинг фикрларимиз, қаҳрамонларимиз бир хил. Сиз Покистонда Бобур, Темур исмли инсонларни кўп учратасиз. Покистонликлар Самарқанд, Бухоро каби шаҳарлар ҳақида ўқиб, ўрганиб вояга етмоқда. Элчи сифатида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётганимни ўзим учун катта бахт, деб ҳисоблайман. Чунки мен аждодларимиз боғланган юртдаман ва бугун биз тарихий алоқаларни давом эттирмоқдамиз.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлатларимиз тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтирди. Бу, албатта, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг биргаликдаги дўстлик сиёсати, умумийликка асосланган қарашлари натижасидир. Бугун янги Ўзбекистонга асос солинаётган бир пайтда янги Покистон ҳам ўз йўлини бошлаган. Икки мамлакат ҳамкорлигида манфаатли нуқталар кўп. Ўзбекистон учун аҳамиятли бўлган масала – Жанубий Осиёдаги давлатлар билан боғловчи энг қисқа йўллар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, икки давлат манфаатларига бирдек хизмат қилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон давлатларини боғлашга даъват этилган темир йўлни қуриш масаласидаги ташаббуси бу борадаги жуда оқилона ёндашув бўлди.
Икки давлат томонидан ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган самарали тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Ўзбекистон тадбиркорлари делегацияларининг Покистонга бир неча маротаба сафарлари иқтисодий ҳамкорликнинг янада ривожланишига туртки бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда.
Устувор йўналишларнинг асоси сифатида биринчи навбатда, олий ва юқори даражалардаги алоқалар янада мустаҳкамланаётганини таъкидлаб ўтишим даркор. Кейинги устувор жиҳатлар ўзаро савдо алоқаларида намоён бўлмоқда. Яъни, Ўзбекистон Покистон учун Марказий Осиё бозорига киришда дарвоза, шунингдек, Покистон ҳам Ўзбекистонни бошқа давлатлар билан боғлашда муҳим йўл вазифасини ўтайди.
Мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлигида икки томонлама манфаатли жиҳатлар кўп. Жумладан, Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорликда иш кўришининг Афғонистондаги вазиятга ҳам ижобий таъсири бор. Афғонистоннинг асосий қўшнилари сифатида мамлакатларимиз афғон заминидаги аҳвол барқарорлашувида катта роль ўйнайди.
Ўзаро савдо алоқалари кенгайишига йўл очилмоқда. Покистон ўз эшикларини Ўзбекистон учун очган ва биргаликдаги тадбирлар қамрови кенгаймоқда. Яна бир устувор йўналиш туризм соҳасидир. Бобурийлардан қолган меъморий ёдгорликларни кўриш, албатта, ҳар бир ўзбекистонлик учун қизиқарли, деб ўйлайман.
Давлатларимиз ва халқларимизнинг ўзаро бир-бирини англаши, бир-бирини қўллаб-қувватлаши алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқади. Бу эса биз учун ва биздан кейинги авлодлар учун ҳар томонлама ёрқин келажакни қуришга асос бўлади.
Сайид Али Асад Гилоний,
Покистоннинг Ўзбекистондаги
Фавқулодда ва Мухтор элчиси